Туркия компанияси Зоминдаги “Суффа” маскани учун туристик лойиҳа ишлаб чиқди

Фото: zamin.uz

ТУРКИЯ Республикасининг “IDEALIST” компанияси вакиллари Жиззах вилояти ҳокимлигида Зомин туманидаги “Суффа” масканига мўлжалланган таклиф лойиҳаларининг тақдимотини намойиш этдилар.
Лойиҳа Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг таклифига асосан тайёрланган бўлиб, амалга ошириш муддати 20 йилга мўлжалланган.
Лойиҳага кўра туристик шаҳарча, голф майдончаси, чанғи комплекси, спорт майдончалари, дор йўллари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, йирик савдо мажмуалари ва бошқа бир қанча туристик объектлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Қайд этиш керак, “IDEALIST” компанияси Туркияда 3 та чанғи марказини, Кайсери тоғ курортини, шунингдек Кипр ва Молдовада бошқа туризм лойиҳаларини амалга оширган.
Компания билан Урганч шаҳридаги Шовот канали атрофига объектларни жойлаштириш, Наманган вилоятининг Нанай қишлоғи ва Сурхондарё вилоятининг Зовбоши қишлоғи лойиҳалари ҳам амалга оширилади.