Чин иқтисодий ўсиши секинлашди

ХИТОЙ иқтисодиёти 1990 йиллардан буён илк бор ўсишнинг энг қуйи даражасига тушган. Таҳлилчилар мамлакатнинг шундай муаммо билан юзланиши муқаррар эканини таъкидлаб келар эди. Бироқ АҚШ билан бошланган савдо уруши иқтисодий ўсиш суръатига жиддий зарба берган ва хитойликлар бизнес юритишда қийин аҳволга тушиб қолган. Хитой ҳукумати жорий йилда иқтисодиётни жонлантириш мақсадида бизнесменларга нисбатан давлат молиявий ёрдамини оширган ва солиқларни маълум даражада камайтирган. Иқтисодиётчиларнинг фикрига кўра, 30 йил давомида ўсиш кўрсаткичи 10 фоиз бўлган Хитой иқтисодиётининг секинлашиши ҳайратланарли ҳолат эмас.
Улар ҳукумат бу йиллар мобайнида хусусий бизнесни турли усуллар билан дастаклаб келганидан иқтисодиётнинг гуллаб-яшнагани, аммо бундай ҳолат яна узоқ йиллар давом этишининг имкони йўқлигини таъкидлайдилар. Хуллас, Хитой иқтисодиёти ўсишда секинлашди ва бутун дунё хавотир ичра воқеалар ривожини кузатмоқда. Агар Чин иқтисодиёти қулагудек бўлса, бир ярим миллиард инсон жаҳон иқтисодиёти юритувчисидан унинг гарданига осилган оғир юкка айланади.
Гап ҳозирча Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан синиши ёки инқирозга юз тутиши ҳақида кетмаяпти. У доимгидек иқтисодиёти энг тез суръатларда ривожланаётган давлатлар қаторида турибди, лекин ўсиш йилдан йилга пасайиб бормоқда: 2018 йилда Хитойдаги иқтисодий ўсиш 2017 йилдагидан 0,2 фоизга пасайиб, 6,6 фоизни ташкил қилган. Жорий йилда иқтисодий ўсишнинг янада секинлашиши тахмин қилинмоқда – 6,2 фоизга қадар.
Бундай ҳолатнинг асосий ташқи сабаби – АҚШ билан кечаётган савдо уруши. Бу сабаб ҳали у қадар катта зиён келтирмаётган бўлса ҳам, иқтисодиётнинг ичида жуда чуқур ва жиддий касаллик етилиб келмоқда. Хитойнинг иқтисодиёти ҳажми $13,5 триллионга тенг, яъни дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда. Хитой иқтисодий жиҳатдан ҳар нарсада йирик: у дунёдаги йирик экспортёр, йирик хомашё импортёри, йирик автомобиль бозори ва бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин.

Хитойда ҳам бой, ҳам ривожланаётган, ҳам қашшоқ давлатларга хос хусусиятларни учратиш мумкин. Аввало, истеъмол даражаси секинлашаяпти. Иқтисодиётнинг орқага кетиши туфайли хитойликлар Ғарбда ишлаб чиқарилган қўл телефонлари, автомобиллар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни камроқ сотиб ола бошлади. Бундан Apple, BMW ва Tiffanny каби компаниялар жиддий зарар кўрмоқда. Хитой Ғарб компаниялари учун ҳаётий муҳим бозор – хитойликлар шахсий истеъмол йўлида йилига 5 триллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлайди.
Бошқа томондан ишлаб чиқариш ва қурилиш суръати секинлашган. Бу икки соҳадаги ўсиш суръатининг пастга қулаши оқибатида Хитой янада кам нефть ва пўлатга эҳтиёж сезмоқда. Натижада Россия ёки Австралия каби Хитойга йирик миқдорда хомашё экспорт қилувчи давлатлар тушкунликка тушиб бормоқда. Айни вақтда хорижга сармоя чиқаришда эҳтиёткорлик кузатилмоқда. Хитойликлар ўнлаб давлатларга миллиардлаб доллар инвестиция киритиб, у ерларда йўллар ва электростанциялар қурмоқда, денгиз портлари ва конларни сотиб олмоқда. Бироқ иқтисодиётда кўрина бошлаган муаммолар ортидан улар хорижий давлатларга пул тикишга эҳтиёткорлик билан қарай бошлади. Бундан ташқари Хитой ҳукумати бир неча йил олдин янги Ипак Йўли иқтисодий лойиҳасини эълон қилган эди. Мабодо хитойликлар хорижга инвестиция чиқаришни камайтирса, бундан биринчи бўлиб Украина, Россия ва Қозоғистон каби транзит давлатлар, шунингдек, Осиё ва Африкадаги – Покистондан тортиб Бангладеш, Малайзия ва Эфиопияга қадар – қатор мамлакатлар зарар кўриши мумкин.
Хитойда пайдо бўлган иқтисодий муаммолар барча ривожланаётган, ҳатто, бой давлатларда ҳам акс-садо беради. Хитой иқтисодиётининг ўсишдан тўхташи кутилгандан ҳам салбийроқ оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса бу халқаро савдонинг секинлашуви, молия ва хомашё бозорларидаги нархларнинг кескин тушиб кетишида кўринади, деб огоҳлантиради Халқаро Валюта Фонди.
Иқтисодчилар анчадан бери хитойликларнинг истеъмол учун янада кам маблағ сарфлаётганини муҳокама қилиб келади. Январ ойининг бошида Apple раҳбари Тим Кук компания ҳиссадорларига мурожаат қила туриб, Хитойда талабнинг тушиб кетгани туфайли компаниянинг ишлари ортга кета бошлаганини очиқ тан олган эди.
Хитойликлар нафақат Apple маҳсулотларидан воз кечаётир. Ҳисоб-китобларга қараганда, дунёдаги йирик автомобиль бозорида кечаётган савдо ҳам 1990 йиллардан бери илк бор сезиларли қисқарган. Тарихан хитойликлар ўта мослашувчан халқ. Улар қисқа муддат ичида ақл бовар қилмас даражада бойиб кетди ва энди даромадлар камая бошлаган бир вақтда улар вазиятга анъанавий тарзда жавоб қайтармоқда: қимматбаҳо импорт товарлардан юз ўгириб, камроқ харж қилишга ўтмоқдалар.
Шунингдек, АҚШ билан давом этаётган савдо уруши оқибатида импорт товарларнинг нархи ошиб кетиб, юаннинг қадри тушиб бормоқда. Айни дамда Хитой ҳукумати жисмоний шахслар томонидан мамлакатга қимматбаҳо буюмлар олиб кирилишини ҳам чеклаб қўйган. Бундай ҳолат, биринчи навбатда, ғарблик ишлаб чиқарувчиларга оғир зарба бўлди. Хитойликлар бутун дунёда ишлаб чиқариладиган «люкс» синфига мансуб барча товарларнинг учдан бир қисмини сотиб олади ва бунга ҳар йили 120 миллиард доллар сарфлайди.

Бундан ташқари хитойликлар – жаҳон туризми ўсишининг асосий манбаи ҳам. Аммо ҳеч ким хитойлик истеъмолчилар ўрнини боса олмайди. Хусусан, дунё иқтисодиётининг 2008 йилда рўй берган халқаро молиявий инқироз оқибатларидан сўнг тикланиб олишида айнан хитойлик ўрта синфга мансуб истеъмолчилар асосий роль ўйнаган. Ўша йиллари бойиб бораётган хитойликлар жаҳондаги товарларга бўлган талабни 3 триллион долларга оширган. 2017 йилга келиб, бу рақам деярли 5 триллион долларга етган.
Яқин ўн йил ичида истеъмолчилик қуввати бўйича Хитойнинг ўрнини эгаллай оладиган бирор давлат чиқмаса керак. Ҳиндистон, Индонезия ва Нигерияда ана шундай имконият бор, аммо улар ҳозирги ривожланиш суръатида давом этса, Хитойнинг ўрнини яна 20 йилдан кейингина эгаллай олиши мумкин. Айни вақтда эса Хитойнинг истеъмол қуввати бемалол бундан ҳам ўсиши мумкин – шахсий истеъмол ҳажми мамлакат иқтисодиётининг 40 фоизидан ошмайди. Ривожланган давлатларда эса бу кўрсаткич 70 фоизгача етади.
Хитойликлар фақат тайёр товар сотиб олмайди. Мамлакатнинг асосий импортини хомашё ташкил қилади: нефть, мис, темир рудаси. Мамлакатда ишлаб чиқариш ва қурилиш ўсишининг секинлашуви ортидан жаҳон бозорида хомашёга бўлган талаб тушиб кетган, бунинг ортидан нархлар ҳам пастга қулаган. Ўтган йили Хитой 2010 йилдан бери биринчи марта темир рудаси импортини қисқартирди. Бу пўлат қуйиш ҳажмининг ҳам камайишини англатади. Бундай ҳолатнинг асосий сабаби қурилиш компаниялари томонидан пўлатга бўлган талабнинг тушиб кетганидир. Турар-жой ва темирйўллар қуриш суръати секинлашиб бормоқда – бунинг ортидан молия секторида ҳам инқироз бошланишини кутиш мумкин. Сабаби кредитларнинг асосий талабгори шу вақтга қадар қурилиш соҳаси бўлиб келган.
Ҳукумат билан кўринмас ришталар орқали чамбарчас боғланиб кетган қурилиш компаниялари, асосан, имтиёзли қарзлар ҳисобига ривожланиб келган. Коммунистик Партия ҳозирда қурилиш соҳасини қандай қилиб қарзлардан халос қилиш йўлида бош қотирмоқда.
Масалан, давлатга қарашли биргина темирйўл компаниясининг қарзи 740 миллиард долларга етган ва ушбу қарзлар туғадиган фоиз компаниянинг даромадидан кўпроқ. Бу компания фоизларни тўлаш орқали юзага келаётган камомадни янги қарзлар билан ёпишга мажбур эканини англатади. Оқибатда иқтисодий ўсиш ҳам пасайиб бораверади.
Хитой ҳукумати кенг кўламли «Бир макон, бир йўл» ташаббусини илгари сурганига ҳеч қанча бўлмади. Бу ташаббусдан асосий мақсад – мамлакатни юзлаб давлатлар билан савдо мақсадида боғлаш. Ташаббус доирасида хорижий давлатларга киритилиши кўзланган инвестицияларнинг умумий миқдори ҳали очиқланмаган. Бироқ, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Хитой биринчи беш йил давомида бу мақсадда 1 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлашни кўзламоқда.
Бу нафақат иқтисодий, балки геосиёсий лойиҳа ҳамдир. Лойиҳа доирасида Хитой давлат компаниялари ўнлаб давлатларда қарзга темирйўллар, денгиз портлари, кўприклар, электростанциялар ва телекоммуникация тармоқларини барпо этади. Оқибатда бу давлатларда Хитойнинг таъсир доираси кескин ортади. Ҳозирда Хитойнинг ташқи инвестицияларга ажратаётган ҳар ўн доллари мазкур лойиҳага йўналтирилмоқда. Украина, Россия ва Қозоғистон – ушбу иқтисодий «макон»нинг асосий ўтиш нуқталарида жойлашган. Агар бу «макон» узилгудек бўлса, улар иқтисодий жиҳатдан жиддий талафот кўриши турган гап.

Албатта, расмий Пекин иқтисодиётни қайта оёққа турғазиш йўлида қўл қовуштириб ўтирмаётир. Ўтган йилдан буён ҳукумат иқтисодиётни молиявий таъсирлар ва солиқ имтиёзлари билан дастаклаб келмоқда, аммо ҳозирча бундай уринишлар бирор сезиларли самара бермаган. Коммунистик Партия эса ташвишланишга ҳожат йўқлиги, ҳаммаси режа бўйича кетаётганини таъкидлайди. Ҳукуматга кўра, Хитойдаги иқтисодий ўсиш йирик кўламдаги капиталларни сарфлаш, давлат томонидан тақдим қилинган катта имтиёзлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига юзага келган. Энди эса ривожланишнинг навбатдаги босқичи бошланмоқда ва бу ўтиш даврида турғунликни кузатиш табиий ҳол.
Хитойдаги ўсишнинг қанчалик даражада секинлашиши мумкинлиги ҳали номаълум. Бироқ, сиёсий партия бошқарувига асосланган марказлашган тизим ва эркин бозор иқтисодиёти модели ўртасида ҳеч қачон муроса бўлмаслиги ҳисобга олинса, узоқ муддатли истиқболда ўсиш даражаси анчайин тушиб кетиши мумкин. Бизнес ва иқтисодий масалаларни ёритишда етакчи нашр бўлган Financial Times газетасининг ёзишича, дунё иқтисодиётининг келажаги Хитойнинг иродасига боғлиқ.
Савдо уруши – бу фақатгина ҳаммасини бошлаб берадиган туртки. Бу уруш Хитой иқтисодиётида яширин ётган касалликни очиб берди. Мазкур иллатдан қутилишнинг ягона йўли – тезкор ва дадил ислоҳотлар. Хитойнинг иқтисодий тарихида ҳал қилувчи янги давр кириб келди. Ўтган асрлар даврида бир давлатнинг ривожланиши ёки чўкиши дунё учун бу қадар аҳамиятли бўлмаган эди.
Абдувоҳид Ачилов