САЛОМАТЛИК БОРАСИДА РЕКЛАМАГА ИШОНИБ БЎЛАДИМИ?

ТУНОВ куни ишдан қайтаётсам, қўшнимиз Зумрад холанинг боғчага борадиган кичкинтой набираси — Давронжон ўзи тенги болалар билан йўлакда ўйнаб ўтирган экан. У бийрон тилда менга салом берди, бошқа болалар ҳам бунга қўшилди. Алик олиш баробарида барча кичкинтойларни яна салом беришга руҳлантириб, уларнинг ёнидан ўтиб кетдим.
Орадан бир соат ўтди ё ўтмади, ташқаридан ғала-ғовур эшитила бошлади. Қарасам, шундоққина биз яшайдиган кўп қаватли уй қаршисида “тез ёрдам” машинаси турибди. Бундай пайтда хавотирланиш табиий. Чунки қўни-қўшничилик муносабатларида аҳиллик, бир-бирига ёрдам қўлини чўзиш, меҳр-оқибат кўрсатиш, сиҳат-саломатлигидан бохабар бўлиш лозим.
Зумрад холанинг ранги оқариб кетган, келини эса кўзига ёш олган… Маълум бўлишича, Давронжон уйга кирганида, онаси пешонасини ушлаб кўриб, “Иситманг чиқа бошлабди-ку”, деб унга дори ичирган экан. Ўша дори боланинг ҳароратини тушириш ўрнига кўтариб юборибди. Шундан кейин “тез ёрдам” чақиришган экан.
— Мен дори акс таъсир кўрсатишини қаердан билибман, — дея ўзини оқлади келин. — Ана, ҳар куни телевизорда уни реклама қилишаяпти. Шамоллашнинг олдини олармиш. Иситмани туширармиш…
Бу — телевизорда берилган рекламаларга қараб ўзига ёки оила аъзоларига “ташхис” қўядиган, реклама ролигида “дорихоналардан сўранг” деб айтилган, мақталган дори воситаларини харид қилиб, шифокордан бемаслаҳат ўзи ичиб ёки боласига ичириб, кейин бундан афсусланадиган кишилар учраб туришига бир ҳаётий мисол, холос.
Бир пайтлар исталган дори воситасини топиш амри маҳол эди. Бугун эса ҳар қадамда дорихона қад ростлаган. Кеча-ю кундуз хизмат кўрсатадиган дорихоналар ҳам анчагина. Дори-дармонларнинг тури кўплигини айтмаса ҳам бўлади. Муҳими, аҳоли учун кенг имконият яратиб қўйилган.
Шу ўринда дори-дармон рекламасининг асосий мақсади ҳам харидорни қизиқтириш, мижозлар сафини кенгайтиришдан иборат эканини ҳамда маълумот берувчи, ишонтирувчи, эслатувчи вазифаларни бажаришини ёддан чиқармаслик лозим.
Дарҳақиқат, реклама дегани бугун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурди. Кўча-кўйда, жамоат транспортида, оила даврасида телевизор кўриб ўтирганда ҳам, албатта, қандайдир рекламага кўзимиз тушади. Телевидениенинг бошқа оммавий ахборот воситаларидан афзаллик жиҳати, унда истеъмолчи (томошабин)га маълумотлар тасвир ҳамда овоз ёрдамида етказиб берилади. Бу эса муҳим аҳамият касб этади. Чунки кўриш, эшитиш органлари бевосита (билвосита) инсоннинг онгига ва фаолиятига таъсир этмасдан қолмайди.
Устига-устак «ноёб дорилар» тўғрисидаги шундай рекламалар пайдо бўлаяптики, бунинг оқибатида жисму жонимизда ўзгариш сезсак, шифокор ҳузурига эмас, биринчи навбатда, дорихонага югурадиган бўлиб қолдик. Шифокор маслаҳатисиз қабул қилинадиган препаратлар баъзи ҳолларда инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши ҳақида эса, афсуски, мулоҳаза қилиб кўрмаймиз.
Суюндик МАМИРОВ