Янги аэропорт замонавий метерологик воситалар билан жиҳозланади

Фото: LiveJournal

МАЪЛУМКИ, айни вақтда “Тошкент-Восточний” аэродроми ҳудудида улкан қурилиш ишлари олиб бориляпти. Аэродром негизида фуқаро аэропорт комплекси бунёд этилади. Аэропорт барча турдаги ҳаво кемалари, шу жумладан Airbus A380 ҳамда бошқа йирик ҳаво кемаларини қабул қилади ва уларга хизмат кўрсатади.
Халқаро талаблар эътиборга олиниб узунлиги 4 км бўлган учиш-қўниш йўлаги қуриляпти. Аэродром “III IKAO” тоифадаги замонавий ёруғлик сигнали, радиотехник ва метеорологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Натижада ҳаво кемаларининг мураккаб метеорологик шароитларда учиши ва қўнишини таъминланади.
“Ўзгидромет”нинг маълум қилишича, аэродромда замонавий метеорологик хизматни йўлга қўйиш учун барча манфаатдор томонларнинг ҳаракатлари бирлаштирилиши керак. Шу боисдан, “Ўзгидромет”нинг Авиацияни метеорологик таъминлаш хизмати, Тошкент авиаметеорологик станцияси, “Ўзавиация” агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакиллари иштирокида ишчи учрашуви ўтказилди. Унда аэродромда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқ барча иш шароитларини яратиш масалалари муҳокама этилди.