Об-ҳаво қандай ўлчанади?

7News.kz иллюстрацияси

ЧИЛЛА айни авжида. Кундузлари кўча гўё обдон қиздирилган тандирга ўхшаб қолади. Бундай пайтда одамлар метео хизматлар томонидан тарқатилган хабарларга ишонқирамай қарайдилар. “Ҳақиқий кўрсаткичлар яширилади, аслида ҳаво ҳарорат кундузи 47-50 даража”, – деган гапларни эшитамиз. Айримлар эса маиший асбоблари 60 даражани кўрсатаётганини айтяпти. Бир қарашда улар ҳақдек, эшитганларига эмас, кўрганларига ишонаяптилар.
Шу боисдан, аслида ҳарорат қандай ўлчаниши тўғрисида маълумот беришни лозим топдик.
“Ўзгидромет”нинг таъкидлашича, бугунги кунда одамлар ҳароратни аниқлайдиган маиший термометрлардан кенг фойдаланмоқда. Кў ҳолларда асбобларнинг қабул қилиш қисми, шаҳардаги электрон таблоларга ҳарорат тўғрисидаги маълумотларни етказувчи термометрларнинг қабул қилувчи қисмлари тик қуёш нурлари ёки атрофдаги предметларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган бўлади. Натижада термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометрнинг қабул қилувчи қисми қизиган даражасини ўлчайди.
“Тўғри қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, Қуёшдан келаётган, ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Автомашинадагилар қуёш нурлари таъсирида қизиган машина корпусининг иссиқлик нурланишини ҳис қилади. Шунинг учун тик қуёш остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.
Иссиқлик нурланиши омиллари таъсирини истисно қилиш ва метеорологик кузатувларнинг таққослана олинишини таъминлаш мақсадида улар бутун дунёда Жаҳон Метеорология Ташкилоти қоидаларига мувофиқ ягона услубда ва ягона стандарт шароитларда ўтказилади. Хусусан, ҳаво ҳарорати ер сатҳидан 2 м баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган метеорологик будкада ўлчанади. Ўлчов асбоблари доимий равишда текширилади, уларнинг кўрсаткичлари эталон асбоб кўрсаткичлари билан солиштирилади..
Шунинг учун ҳаво ҳарорати тўғрисида аниқ маълумотларни билмоқчи бўлсангиз, Ўзгидромет прогнозларидан фойдаланинг ва уларга ишонинг”, – дейди миллий мето хизмати мутахассислари.
Шаҳар аҳолиси ёз жазирамасини енгилроқ ўтказиши учун қуюқ соя берадиган дарахтларни кўпроқ экиши, аҳолининг дам олиши учун яшил хиёбонлар ва сердарахт парклар барпо этиш, ариқларни чиқиндилардан тозалаб сув билан тўлдириш зарур. Буларнинг барчаси шаҳарда мақбул микроиқлим ва ана шундай жазирама иссиқ кунларда қулай яшаш шароитларини яратади.
Ўрни келганда таъкидлаш керак, сайёрамизда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида қайд этилган (57-58°С).
Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган (50°С).
Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг абсолют максимуми 44.6°С га тенг. (1997 йил 18 июл).