Томографиядан эҳтиёт бўлинг: у саратонга сабаб бўлади!

Фото: interpress.uz

ЖАҲОНГА машҳур “MedicalXpress” нашрида чоп этилган мақолада таъкидланишича, компютер томографияси саратон касали ривожланишига сабаб бўлади.
Кам дозадаги радиация, мисол учун, компютер томографиясидан олинадиган радиацияга тенг миқдор инсон организмидаги саратон тўқималарини “ўйғотиб” юборади. Мақола муаллифлари – Буюк Британиянинг Кембриж университети тадқиқотчилари шундай фикр билдирганлар.
Олимларнинг таъкидлашича, барча одамларнинг организмида мутант тўқималар мавжуд бўлиб, вақти-соати етганда улар саратонга айланади. Уларнинг кўпайиши ёш билан боғлиқ бўлсада, бу ҳолат ҳаммада ҳам кузатилмайди ва одамларни хотиржам қиладиган жиҳат ҳам шудир. Бироқ, айрим ташқи омиллар, мисол учун, компютер томографияси онкологик касалликлар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боисдан, мутахассислар жуда зарур бўлмаса, мумкин қадар компютер томографияси текширувидан сақланишни тавсия қиляптилар.
Очиғини айтсак, бизда ҳам компютер томографияси текширувидан ўтказиш жуда оммалашиб кетган. Озгина муболаға қилиб айтилганда, шифокорга бармоғим оғрияпти, десангиз ҳам томографияга тушишни буюради. Аксарият компютер томографияси билан жиҳозланган клиникалар хусусий экани ва бу аппаратларнинг ҳар бири бир неча миллион доллар туришини инобатга олинса, бундан кўп нарсалар ойдинлашади…