1 август – Хитой халқ озодлик армияси куни

ХИТОЙ Халқ Республикаси Қуролли Кучлари – ҳарбийларининг сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради ва расман – Хитой халқ озодлик армияси деб аталади. Бугунги кунда “Осмон ости” мамлакатининг армияси сафида 2 миллион 250 минг ҳарбий хизматчи бор. Хитой армиясига 1927 йил 1 август куни асос солинган бўлиб, аввалига, Халқ-озодлик армияси ибораси 1946 йил ёзида шаклланган 8-армия, Янги 4-армия ва Шимолий-Шарқий армияга нисбат бериларди.
1949 йилда Хитой Халқ Республикаси эълон қилинганидан сўнг мамлакат Қуролли Кучлари Хитой халқ озодлик армияси деб аталадиган бўлди. Хитой қонунларига кўра, 18 ёшга тўлган ҳар бир эркак армия сафларида хизмат қилишга мажбур. Кўнгиллилар 49 ёшгача армия сафида хизмат қилади.

Фото: thenational.ae

Ҳудудий жойлашувига кўра, Қуролли Кучлар таркибида 7 та округ ва учта флот бор. Хитой Қуруқликдаги қўшинлари дунёда энг кучли экани тан олинади. 2020 йилларгача бўлган даврдаги ҳарбий-стратегик вазият таҳлил қилинганидан сўнг, Хитой раҳбарияти “Армия ислоҳ қилиниши керак”, деган хулосага келди. Эндиликда мамлакат армияси замонавий қуроллар билан таъминланар экан, сон жиҳатидан эмас, сифат жиҳатидан кучли бўлиши йўлида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хитой раҳбарияти замонавий босқичда Қуролли Кучларни ривожлантиришга бағишланган “Оқ китоб”ни эълон қилиб туради. Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур ҳужжат устида 1998 йилдан бери иш олиб борилади. 2013 йилга келиб эса бу ҳужжат кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этила бошланди.
“Оқ китоб”да Хитойнинг асосий мақсади тинчлик, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий фаровонлик экани таъкидлаб ўтилади. Бироқ Хитой ҳукуматининг фикрича, бугунги дунёни тинч ва осуда деб бўлмайди. Хитойлик экспертлар “бир қатор мамлакатлар ҳарбий соҳада ўзаро рақобатда экани”ни айтиб келадилар. Шу сабабли ҳам халқаро хавфсизлик билан боғлиқ муаммо долзарб бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда Хитойда олиб борилган изчил иқтисодий ислоҳотлар натижасида бир қатор ютуқлар кўзга ташланиб, мамлакат аҳлининг турмуш даражаси юксалмоқда. Бу эса Пекиннинг халқаро доирадаги мавқеини кўтарди. Бироқ, Хитой хавфсизликни таъминлаш масаласида анъанавий ва ноанъанавий таҳдидлар билан рўпарў келмоқда. Шу сабабли ҳам раҳбарият миллий бирликни ва ҳудудий яхлитликни сақлаб қолиш, сайёрамизнинг турли ҳудудларида Хитой манфаатларини ҳимоя қилишга уринмоқда. “Осмон ости” мамлакати асосий хавф сифатида “учта ёвуз куч” деб аталмиш – халқаро терроризм, айирмачилик ва экстремистик гуруҳларни кўради.

Фото: assets.bwbx.io

Хитой халқ озодлик армияси табиий офат келтирган талофатларни бартараф этишга ҳам кенг жалб қилинади. Кўп ҳолатларда ҳарбийлар зилзила ва сув тошқинларидан азият чеккан аҳолини хавфсиз жойга олиб чиқади. Хитой ҳарбий денгизчилари доимий равишда савдо йўлларидаги хавфсизликни таъминлаб келади, қароқчиларга қарши курашади. Миллий суверенитетни муҳофаза қилиш, хавфсизликни таъминлаш Хитой армиясининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. “Бизга ҳужум бўлмас экан, биз ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳамла қилмаймиз. Мабодо ҳужум бўлгудек бўлса, биз босқинчиларга кескин зарба берамиз” дейишади Хитой ҳарбий раҳбарлари.
Хитой армияси хавфсизлик соҳасида бошқа давлат ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Хитойлик ҳарбийлар БМТ тинчликни сақловчи кучлари сафларида жаҳондаги “Қайноқ нуқта”ларда фаолият юритмоқда.
Дунёдаги энг йирик қуролли кучлар – Хитой халқ озодлик армияси ташкил этилганига 92 йил тўлди. Армия тарихи 1927 йилнинг 1 августидаги Нанчан қўзғолонига бориб тақалади, ўшанда Гоминдан армиясининг Нанчан шаҳридаги қисмлари партия томонидан амалга оширилган аксилкоммунистик инқилобга қарши чиқишган. Бутун мамлакат бўйлаб қуролли кучлар ташкил этилган кун шарафига байрам концертлари ва митинглар, фахрийлар учрашуви, шунингдек, армиянинг ривожланиш босқичларига бағишланган кўргазмалар ва экспозициялар бўлиб ўтади.

Фото: media.voltron.voanews.com

Таъкидлаш керакки, 2015 йилнинг охирида мамлакат ҳукумати қуролли кучларда кенг кўламли ислоҳотни бошлади. Қуролли кучлар сони 300 минг кишига қисқартирилди, Хитой халқ озодлик армияси ташкилий-штат тузилмаси ва қўшинларни бошқариш тизимида жиддий ўзгаришлар юз берди. 2015 йилнинг декабрида мамлакат раҳбарияти армиядаги Иккинчи артиллерия корпуси Ракета қўшинларига ўзгартирилгани, шунингдек, Стратегик қўллаб-қувватлов қўшинлари ташкил этилгани ҳақида маълум қилди.
Бош штаб, Бош сиёсий бошқарма, Захира бош бошқармаси, Қурол-яроғ ва ҳарбий техника бош бошқармаси 15 та ҳарбий-маъмурий бирликка айлантирилди, улар олий ҳарбий орган – Марказий ҳарбий кенгашга буйсунади. Қуролли кучлар бошқарув органлари таркибида Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги ҳам ташкил қилинди. Йирик ҳарбий тузилмалар тизимида ўзгаришлар аввалдан кутилганди. 1950-йилларда мамлакат ҳудуди 13 та ҳарбий округга ажратилди, 1960-йилларда улар 11 тага қисқарди, 1985-1988 йиллардаги ислоҳот пайтида – еттига қадар. 2014 йилда янги ўзгаришлар ҳақида илк хабарлар пайдо бўлди, 2015 йилнинг ноябрида эса ҳарбий округлар ўрнида жанговар қўмондонлик зоналари пайдо бўлиши борасида маълумотлар тарқалди.
2016 йилнинг 1 феврал куни Хитой халқ озодлик армияси минтақавий бошқарув тизимида ўзгариш ҳақида эълон қилинди: 7 та ҳарбий округ бешта жанговар қўмондонлик зонасига айлантирилди – Шимолий, Жанубий, Ғарбий, Шарқий ва Марказий – уларнинг бошқарувида барча бирлашмалар, қисмлар ва қуруқликдаги қўшинлар кемалари, Хитой халқ озодлик армиясининг Ҳарбий Ҳаво Кучлари ва Ҳарбий Денгиз Кучлари бўлиши айтилди.
Ушбу ўзгаришлардан мақсад қўшинларни бошқаришнинг уч поғонали тизимига ўтишдир: ХХР Марказий ҳарбий кенгаши – оператив қўмондонлик – бўлинмалар. Хусусан, янги тузилма қўшинларни бошқариш тизими самарадорлиги ва турли қўшин турлари ўртасидаги ўзаро ҳаракатлар даражасини ошириши таъкидланган.
Абдувоҳид АЧИЛОВ