Бир ярим миллион долларлик ўғирланган соат кимники?

ЯҚИНДА Испанияда ўғирликнинг зўри содир этилди: номаълум шахслар Озарбайжон фуқаросига тегишли, баҳоси 1 млн 350 минг доллар бўлган “Richard Mille” қўл соатини ўғирлаб кетдилар. Бундай қимматбаҳо соатдан эса бор-йўғи 75 дона ишлаб чиқарилган экан. Воқеа жабрланувчининг мамлакатида ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Ўғирлик қурбони 25 ёшли Рашид Абдуллаев — маҳаллий нефт-газ соҳасининг гиганти Озарбайжон Републикаси давлат нефт компаниясининг президентининг ўғли экани маълум қилинган. Бу иш отанинг сиёсий фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда.
Ибица полициясининг қимматбаҳо соат ўғирланишига доир маълумотига Озарбайжон ОАВ эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Ўз навбатида нефт компанияси матбуот-хизмати Р.Абдуллаевнинг “соат иши”га алоқадорлигини ёлғон маълумот эканини маълум қилиб, бу иғволар унинг отаси Равнақ Абдуллаевга қаратилганини билдирган.
Бироқ, полиция ҳисоботида келтирилган маълумотлар – жабрланувчининг исм-шарифи, туғилган йили нефт компанияси раҳбарининг ўғлиники билан деярли бир хил эканини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, жабрланувчи полицияга қолдирган электрон почта манзили ҳам айнан Рашид Абдуллаевники бўлган.
Хориж ОАВ “соат иши” бўйича тарқатган хабарларга ҳозирча Абдуллаевлардан биронтаси муносабат билдиргани йўқ.