Коммандантенинг миллионер тансоқчиси

ВЕНЕСУЭЛА иқтисодиёти чил-парчин бўлиб бормоқда. Бироқ, бу ҳолат мамлакатнинг айрим фуқароларига заррача таъсир этгани йўқ. Шундайлардан бири Карлос Луис Агилер Борхас бўлиб, унинг бойлиги 100 миллион доллардан ортиқ экани айтилмоқда. У ҳеч қачон тижорат билан шуғулланмаган. Узоқ йиллар давомида Венесуэла инқилобининг етакчиси Уго Чавеснинг тансоқчиси ва айни вақтнинг ўзида давлат хавфсизлик хизматининг раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган. Тахминларга кўра, унинг ушбу мавқелари ўта катта миқдорда бойлик тўплаш имконини берган. Мамлакатнинг собиқ президенти Уго Чавес уни «кўринмас», деб аташни яхши кўрган.
Собиқ инқилобчининг бу гапида жон бор. Чунки, Карлос Луис Агилера Борхаснинг бутун фаолияти парда ортида ўтган. У турли вазифаларда, махфий хизмат директори лавозимида ишлаганда ҳам матбуотдан нарида юрган, сураткашлар назарига деярли тушмаган, оилавий ҳолати эса буткул жумбоқлигича қолмоқда.
Бир йиллар илгари истеъфога чиққан Борхас тинч-осуда ҳаёт кечиряпти. Унинг мамлакатида Чавеснинг издошларидан шаклланган ҳукумат эса бор овози билан капитализмни лаънатламоқда. Агилера эса киши билмас тарзда офшор компанияларда ширкатларини рўйхатдан ўтказди, Швейцария банкларида ҳисоб-рақамлар очди. Хусусий учоқларда Ер юзининг оромижон гўшаларини “зиёрат” қилиб турибди. Унга қарашли ширкатлар эса кўплаб давлат лойиҳалари танловларида ғолиб бўлмоқда. Бунинг ортидан олис-олис мамлакатдаги банк ҳисоб-рақамига жарақ-жарақ пуллар тушяпти.
Маълумотларда марҳум давлат раҳбари Уга Чавеснинг ишонган ва суянган тоғи деб таърифланган Агилер мамлакатнинг айни пайтдаги президенти Николас Мадуронинг ҳурматини қозонган шахс сифатида таърифланади.
57 ёшли Агилера Борхас истеъфога чиққанига 15 йилдан кўп бўлди. Давлат хизматидан кетиши ортидан бизнес билан шуғулланишини маълум қилган. Тез орада унинг мамлакат пойтахти Каракасдаги мавжуд тўртта метро линиясидан бирининг эгаси экани ошкор бўлди. Мазкур линияни 80-йилларда франциялик мутахассислар 1,85 миллиард доллар эвазига қуриб берганликлари, французларнинг тендерда қўли баланд келишига Агилера қарашиб юборгани айтилади. Шу каби гап-сўзлар ортидан текширув ўтказган мамлакат Ҳисоб палатаси метро тендерида қонунбузилишларга йўл қўйилмаганини маълум қилган. Ўзингиз ўйланг, махфий хизмат директорига нисбатан айблов илгари суриляптию, уни Ҳисоб палатаси тўғри деб топадими?!
Айтишларича, Агилера Борхас аралашган коррупция ишлари миллион-миллион қоғозни ташкил этади. Бироқ, бу ишлар тарих сири сифатида қолиб кетиши ҳақиқатга яқин. Чунки, ҳокимиятда уни қўловчи кучлар қудратда экан, ҳеч қачон коммендантенинг собиқ қўриқчиси нишонга олинмайди…