Москвада навбатдаги йирик намойиш бўлиб ўтди

10 август куни Россия пойтахтида навбатдаги йирик норозилик намойиши ўтказилди. Москва давлат думасига ўтказилаётган сайловларда ғирромликларга йўл қўйилаётганидан ранжиган фуқаролар ўтган гал полиция томонидан ўта шафқатсизлик қилинган бўлсада, ортга чекинишни хаёлларига ҳам келтирганлари йўқ.
Хусусан, кечаги намойиш сўнгги ҳафталарда ўтказилган бешинчи норозилик юриши бўлиб, унда 50 мингга яқин киши иштирок этган. Намойиш жойи сифатида академик Сахаров шоҳкўчаси танланган.
Намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун уларнинг сафига таниқли сиёсатчилар, журналистлар, санъат ва спорт намоёндалари қўшилган.
Қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда Россияда президент Путиннинг халқ орасидаги обрўси тушиб бориши ортидан намойишлар ўтказилиши фаоллашган. Кўча юришларида иштирок этаётганлар “Россия озод бўлиши керак”, “Биз ҳукуматнинг ваъдаларидан чарчадик”, “Путин даври тугади” сўзлари ёзилган шиорларни кўтариб олмоқдалар.
Айрим экспертлар, пойтахт думаси сайловидаги қонунбузарликларга қарши норозилик билдираётган аҳоли, аслида мамлакатнинг халқаро майдонда иҳоталаб қўйилишига, иқтисоднинг таназзулга учрашига олиб келган сиёсатга бўлган норозиликларини билдириш учун кўчага чиқмоқдалар, деган фикрдалар.