NASA астронавтлари қанча ойлик олишлари маълум бўлди

Фото: adastra.fit.edu

АҚШ фазо агентлиги астронавтларининг йиллик ўртача маошлари 155 минг долларни ёки ойига 13 минг долларни ташкил этади. Бу ҳақда агентликнинг собиқ астронавти Скотт Келли маълум қилди.
Ўрнатилган тартибга кўра, NASA астронавтлари GS-15 федерал хизматчилари мақомига тенглаштирилган бўлиб, улар ҳарбий ҳизматдаги полковник ёки Ҳарбий денгиз флоти капитани билан тенг миқдорда маош оладилар.
Келлининг айтишича, Ҳарбий ҳаво кучлари сафидан NASAга келганлар нисбатан кўпроқ ойлик оладилар ва бунинг сабаби уларнинг иш ҳақининг маълум қисми солиққа тортилмаслигидир.
Собиқ астронавт ойлик иш ҳақидан ташқари, NASA ходимларига касаллик ва таътил пуллари тўланишини, тиббий суғуртанинг муайян қисми қоплаб берилишини ҳам маълум қилган. Бундан ташқари, астронавтлар уй-жой учун компенсация ва ҳарбий хизматчиларга татбиқ этиладиган бошқа қўшимча тўловлар олиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
Маълум бўлишича, астронавтларга ҳақ тўлашда россиялик ҳамкасбларидан фарқли равишда уларнинг Ерда ёки фазода эканлигига қараб ойлик белгиланмайди. NASA фазогирлари коинотда бўлган вақтлари учун рамзий тарзда «сафар пули» оладилар, холос.