Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуққа эгалиги махсус қонун билан тартибга солинади

ОЛИЙ Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Президентимизнинг эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари тенглигини қонун даражасида кафолатлаш таклифига биноан “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа масъул қўмита — Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг экспертлари ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди.
Лойиҳада гендер тенглик, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган.
Қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган эди. Муҳокама жараёнида лойиҳа 2 минг 200 нафарга яқин фуқаро томонидан кўриб чиқилди ва 82 та таклиф билдирилиб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинган.