Экспорт, инвестиция ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланишича:
мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилди. Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш йўлга қўйилди.
Экспорт билан шуғулланадиган субъектлар сафига 2 мингта янги корхона қўшилди, экспорт географияси 42 та давлатга кенгайди, 59 турдаги маҳсулот биринчи марта экспортга йўналтирилди.
Жорий йилнинг етти ойида товарлар ва хизматлар экспорти 7 миллиард 331 миллион долларни ташкил этди.
2019-2021 йилларда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 45 та агрологистика комплекси, қайта ишлаш бўйича 205 та янги қувватлар, 36 минг гектар интенсив боғ ташкил этиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида 85 триллион 775 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпдир. Асосий капиталда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 2,5 баробарга ошиб, 1,7 миллиард долларга етган. Давлат кафолати бўлмаган хорижий кредитлар эса 3,7 баробар кўпайган.
Вазирлар Маҳкамасига 2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳа бўйича саноат объектларини муддатида ишга тушириш юзасидан топшириқлар берилди.
Юртимизда молибденнинг 1,1 фоизи, табиий газнинг 12 фоизи, рухнинг 21 фоизи, миснинг 25 фоизи, мева-сабзавотларнинг 20 фоизи, ип-калаванинг 46 фоизи қайта ишланмоқда, холос. Агар бу хомашёлар чуқур қайта ишланса, қўшилган қийматни 5 бараваргача ошириш мумкин.