Архангелск фожиаси Чернобил ҳалокатига тенглаштирилмоқда

АҚШ разведка хизматининг маълум қилишича, Россиянинг Северодвинск шаҳри яқинида янги қурол синовдан ўтказилаётганда портлаб кетган. Бу ўринда гап «Буревестник» ядро двигателли қанотли ракетаси ҳақида кетмоқда.
Айни пайтда Қўшма Штатлар жосуслик хизмати мазкур ҳалокат оқибатларига доир маълумотларни тўплашга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг тахминича, мазкур ядровий портлаш асоратлари Чернобил ҳалокатиникидан кам эмас. Уларнинг фикрича, Россия ҳукумати ядро қуролини такомиллаштиришга уриниш оқибати тузатиб бўлмас ҳалокатларга сабаб бўлишини тушуниб етмаяпти.
Аввалроқ, «Росатом» давлат корпорацияси расмийси Северодвинскда ҳарбий денгиз кучлари учун мўлжалланган янги ракета синовдан ўтказилаётган вақтда портлаб кетгани ҳақида хабар берган эди.
Маълум бўлишича, Архангелскда юз берган фожиа оқибатида «Росатом»нинг беш нафар ходими ҳалок бўлган.