Мамлакатимизда қандли диабет билан касалланган беморлар сони кўпайиши мумкин

Фото: economictimes.com

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда бу ҳақда фикр билдирилди.

Учрашувда таъкидланишича, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида миллий дастур, чора-тадбирлар комплекси, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсуфалиевнинг айтишича, 2015 йилда қандли диабет билан касалланган 170 минг 536 нафар бемор рўйхатга олинган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 230 минг 610 нафарга етган. Бошқача айтганда, мазкур хасталикка чалинганлар охирги 3 йилда деярли 60 мингтага кўпайган. Тадқиқотлар ва Наманганда ўтказилган ўрганишлар натижаси шундан далолат беряптики, юртимизда қандли диабет билан касалланган беморлар сони келгусида 4-5 мартага ошиши мумкин экан.