Трамп Гренландияни сотиб олиш ҳақида ўйлаяпти

Иллюстрация: cont.ws

АҚШ президенти Доналд Трамп айни вақтда Данияга тегишли бўлган Гренландия оролини сотиб олиш ҳақида ўйлаяпти. “The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, Америка етакчиси ушбу масала юзасидан маслаҳатчилари билан бир неча марта кенгашиб олган.
Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари оролнинг табиий бойликлари ва геосиёсий аҳамияти хусусидаги маълумотларни ўрганмоқда. Айни пайтда Трампнинг топшириғига кўра, ҳуқуқшунослар оролни сотиб олиш имкониятларини ўрганяптилар.
Президентнинг айрим маслаҳатчилари Гренландия оролини харид қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаётган бўлсалар, бошқалари бу ташаббусга «давлат раҳбарининг беъмани истаги» сифатида қарамоқдалар.
Ҳозирча АҚШ ва Дания ҳукуматлари Гренландия ороли масаласида расмий маълумот бергани йўқ.
Гренландия — Шимолий Американинг шимолий-шарқида жойлашган. Майдони — 2 130 800 квадрат километр бўлиб, дунёдаги энг йирик орол ҳисобланади. Орол ҳудуди Дания таркибига кирсада, Гренландия ҳукумат барча ички маслаларни мустақил тарзда ҳал этади.