Ҳиндистон ва Покистон яна уришмоқда: Кашмирда 10 киши ҳалок бўлди

Иллюстрация: ndtv.com

СЎНГГИ соатларда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида баҳсларга сабаб бўлаётган Кашмир ҳудудида вазият яна кескинлашди. Жумладан, икки мамлакат ўртасидаги назорат чизиғи деб аталадиган қисмнинг Липа қишлоғи яқинида бошланиб кетган отишма оқибатида покистонлик уч нафар ҳарбий, беш нафар ҳиндистонлик аскар ва икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди.

Қайд этилишича, покистонлик ҳарбийлар Ҳиндистон томонидан отилган миномёт отишмаларига жавобан қуролларини ишга солганлар ва бунинг оқибатида икки нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Покистон Бош вазири Имрон Хон Ҳиндистоннинг Кашмир бўйича юритаётган сиёсатини илгари бир неча марта кескин танқид қилиб, бу ҳаракатларни низоли ҳудудда «этник тозалаш» мақсадида «мусулмонларга қаратилган» кампания сифатида баҳолаган эди.

Қайд этиш керак, Кашмир ҳудуди 1947 йилдан буён Ҳиндистон ва Покистон ўртасида баҳсга сабаб бўлиб келмоқда. Ўша пайтда Британия Ҳиндистондан чиқиб кетиш арафасида мамлакатнинг диний мансубликка қараб икки давлатга ажратган эди. Кашмир вилояти эса шундан буён икки давлат ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлиб келмоқда.