Таиланд қироли ва унинг итнинг косасида овқат еган рафиқаси

ТАИЛАНД телевидениеси орқали ғайриоддий маросим трансляция қилинди.

Рама Ўнинчи номи билан машҳур бўлган мамлакатнинг 67 ёшли қироли Маха Вачиралонгкорн ўзининг собиқ тансоқчиси Синеенат Вонгважирапакдига қирол канизаги мақомини берди.

Маросимда иштирок этган қиролнинг тўртинчи рафиқаси Сутхида бу жараённи ғазаб билан кузатиб турган.

Тадбир вақтида Синеенат узала тушиб ётган ҳолда Рама Ўнинчининг оёқларини муқаддас сув билан ювиб қўйган. Таиландда қирол худолар тимсоли ҳисобланади ва шунинг учун у расмий тадбирларда қўл остидагилардан баландда ўтириши лозим.

Қиролнинг янги жорияси Синеенат генерал-майор унвонига эга, бир қанча нуфузли давлат мукофотлари билан тақдирланган. У армияга ҳарбий ҳамшира сифатида ишга кириб, мансаб пиллапояларидан ақлбовар қилмас даражада кўтарилган.

Ҳозирги қиролича ҳам айтиш мумкинки, оддий оиладан чиққан, “Тай авиалиниялари” компаниясида борт кузатувчи (стюардесса) бўлиб ишлаган. Қирол рафиқаси ва жорияси билан асосий вақтини Германиядаги ажойиб курорт Гармиш-Партенкирхенда ўтказади. Айтишларича, Сутхида қиролни жориядан рашк қилган пайтларида аразлаб Швейцарияга кетиб қолади ва «Валдегг» меҳмонхонасидаги қироллик аппартаментига “қамалиб” олади.

Рама Ўнинчи Британиядани нуфузли Миллфилд мактабида таълим олган. Таиландда уни танқид қилиш, шахсий ҳаёти ҳақида гапириш умуман мумкин эмас. Жамоатчиликка маълуми, унинг етти нафар фарзанди борлигидир.

Унинг учинчи рафиқаси малика Срирасми бўлиб, официанткаликдан малика даражасига кўтарилган. 13 йил бирга яшаганларидан сўнг, қиролнинг унга қизиқиши йўқолган ва жавобини бериб юборган. Шундан сўнг, маликанинг саккиз нафар қариндоши коррупцияда айбланиб, қамоққа олинган. Унинг қари ота-онаси ҳам 2,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Срирасми қиролнинг назаридан четда қолмаслик учун нимаики бўлса қилган. Мисол учун, турмуш ўртоғи – қиролнинг туғилган кунида қип яланғоч ечинган ҳолда, итнинг косасидан овқат еган…