Ёш шахматчиларимиз жаҳон чемпионатида

КУНИ кеча Беларуснинг Минск шаҳрида кадетлар ўртасида тезкор шахмат ва блис бўйича FIDE III жаҳон чемпионати бошланди. 16-19-август кунлари бўлиб ўтадиган мусобақада 8, 10 ва 12 ёшли ўғил-қизлар иштирок этяпти. Чемпионатда дунёнинг 34 мамлакатидан 750 нафардан ортиқ ёш шахматчилар ғолиблик учун дона сурмоқдалар.

Ўзбекистон шахмат федерацияси маълумотига кўра, мусобақада юртимиз шарафини Озодбек ҳамда Отабек Ойбековлар, FIDE усталигига номзод шахматчилар Руқия Олимова ва Афрўза Ҳамдамова ҳимоя қилади.

Руқия Олимова 2018 йили Минскда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 8 ёшгача бўлган қизлар ўртасида блис йўналишида кумуш медалга сазовор бўлганди. Афрўза Ҳамдамова эса блис йўналишида чемпион, рапид йўналишида 2-ўринни қўлга киритган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 2018 йилги 8, 10, 12 ёшли болалар ўртасида тезкор шахмат ва блис бўйича II жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 4 та кумуш медалларни қўлга киритган ҳолда 26 давлат орасида 1-ўринни қўлга киритган.