Даниянинг энг бадавлат одами вафот этди

Фото: berlingske.bmcdn.dk

ДАНИЯнинг энг бадавлат одамларидан бири, “Jysk” компанияси соҳиби Ларс Ларсен 72 ёшида вафот этди.

“Jysk” мебел ретейлери ҳамда “Lars Larsen Group” корпорацияси асосчиси жигар саратони туфайли дунёдан кўз юмган. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, унга ушбу ташхис қўйилгандан сўнг, компания бошқаруви раислигини тарк этган ва оилавий бизнес ишларини юритишни 47 ёшли ўғли Якоб Брунсборгга топширган.

“Forbes” нашрининг қайд этишича, Ларсен ишбилармонлик фаолиятини 1979 йилда бошлаган. Унга қадар маҳаллий тўқимачилик корхонасида уста ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Ларсен мебел ва уй-жиҳозлари сотувига ихтисослашган илк дўкони”Jysk Sengetøjslager”ни  Орхус шаҳрида очган. Охирги 40 йил мобайнида “Jysk” Даниядаги йирик мебел ретейлерига айланди. Айни пайтда дунёнинг 52 мамлакатида компаниянинг 2700 дўкони фаолият кўрсатмоқда.

Ларсен мебел бизнесидан ташқари, “Lars Larsen Group” таркибига кирувчи “LETZ Sushi” ресторанлар тармоғини, голф жиҳозлари ишлаб чиқарувчи “Backtee” фирмасини ва бошқа бир қанча корхоналарни ташкил этган.

“Forbes” таснифида Ларсен 4,4 млрд доллар бойлиги билан дунё миллиардерлари орасида 424 ўринни эгаллаган.