Туркманистонда ҳам таълим пулли бўлди

Суратда: Ўғузхон номидаги муҳандислик-техника университети талабалари. Фото: ukraine.tmembassy.gov.tm

ЖОРИЙ ўқув йилидан бошлаб мамлакат олий ўқув юртлари талабалари таълим олиш учун пул тўлайдилар. Қайд этилишича, мазкур ўқув йилида 12 242 нафар талаба қабул қилинади ва улардан 8 054 нафари шартнома асосида таълим олади. Айрим нашрлар, хусусан, «Хроники Туркменистана» интернет сайти олий ўқув юртида таълим олиш барча учун пулли бўлганини маълум қилган.

Хабарларга кўра, бир йиллик ўқув нархи ОЎЮ ва танланган мутахассисликка қараб 6 000 дан 8 000 манатгачани ташкил этади (1 700 —2 250 доллар). Мисол учун, Иқтисодиёт ва бошқарув давлат институтида бир йиллик таълим нархи 6 000 манатдан бошланади. Телекоммуникация ва ахборот институтида эса бу рақам 7 400 манатни ташкил этади.

Айрим манбаларга кўра, мамлакатда таълим соҳаси энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади. 2018 йил ҳолатига кўра, Туркманистонда олий таълим муассасига ўқишга кириш пораси

25 – 40 минг долларни ташкил этган. Мамлакатдаги энг арзон таълим тизими педагогика билим юртлари бўлиб, унда таҳсил олишни истаганлар 12 минг долларни баҳридан кечишларига тўғри келган.

Туркманистонда эътироф этиладиган хорижий ОЎЮ дипломлари эса жуда чегараланган.