Трамп Хитойдан сўнг Европани нишонга олмоқчи

Иллюстрация: bloomberg.com

АҚШ президенти жойларда тарафдорлари билан ўтказаётган учрашувларида кутилмаган баёнотлар билан жамоатчиликни ажаблантириш ва ҳайратга солишда давом этяпти. Хусусан, Америка етакчиси яқинда Гренландия оролини сотиб олиш режаси ҳақида гапирган эди.

Бу гал эса Доналд Трамп савдо уруши ҳақида гапира туриб, Европа хусусида: «Европа Иттифоқи Хитойдан ҳам ёмон,  сал ёмонроқ. У бизга ёмон муносабатда бўляпти: тўсиқлар, тарифлар, солиқлар», – дея таъкидлаган.

Президентнинг айтишича, буни АҚШ ва Европа давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми ҳам кўрсатиб турибди. Жумладан, 2019 йилнинг биринчи чорагида Қўшма Штатларда импорт ҳажми экспортга нисбатан 83 млрд доллар ортиқни ташкил этган.

Таҳлилчиларнинг айтишича, АҚШ-Хитой ўртасидаги савдо уруши шусиз ҳам жаҳон молия бозорини остин-устин қилиб ташлади. Агар Оқ уй Европа Иттифоқига нисбатан ҳам савдо уруши очса, бу қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур этиш қийин.