Адоқсиз савдо урушлари

Ҳозир дунё жамоатчилигининг эътибори АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушига қаратилган, десак муболаға бўлмайди. Тарихда биринчи бор Вашингтон ялпи ички маҳсулоти атиги 20 йил илгари АҚШникига қараганда 10 марта кам бўлган Хитой ўзига жиддий хавф солаётганини тан олди.  Таъбир жоиз бўлса, бу ҳолга душман Шарқдан кириб келди, иборасини қўллаш ўринли.  Япония ва Жанубий Корея каби иқтисодий гигантлардан фарқли ўлароқ, осмоности мамлакати фақат Америка иқтисодиётга хавф солаётгани йўқ, балки унинг геосиёсий қудратига рақобатчи бўлаяпти. 

Рақобат оқибати Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида ҳам намоён бўлди.

«Мен иккита гигант билан битта хонада нима ҳам қила олардим?», — дея киноя қилганди саммитни қабул қилган Папуа-Янги Гвинея бош вазири  Питер О Нил.  Хуллас, ташкилот тарихида биринчи марта қўшма коммюнике имзоланмади, тадбир мезмони якуний баёнот билан чекланди, холос. 

Якуний декларация ҳам чала аҳволда қабул қилинди. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотида ислоҳотлар ўтказиш масаласида келишувга эришилмади. Гўёки ташкилотда Пекиннинг устунлигини баҳона қилган АҚШ президенти Доналд Трамп умумжаҳон савдо ташкилотдан чиқиш билан таҳдид қилаяпти. Низо бу билан чекланмайди. Савдодан тортиб, тарифларгача, квота, технологиялар, интеллектуал мулкни ўзлаштириш, денгизда эркин ҳаракатланиш ва инсон ҳуқуқлари бобида ҳам келишмовчиликлар етиб ортади. 

Атиги 6 ой муқаддам икки қудратли иқтисодиёт ўртасида биринчи жаҳон иқтисодий уруши авж бошланганди. АҚШ Хитойни илғор технологияларни ўғирлашни тўхтатмаётганликда, Осиё ва Африкада ўз ҳарбий таъсирини кенгайтираётганликда, ички сиёсий жараёнларга аралашиш ва инсон ҳуқуқларини бузишда айблади. 

Савдо уруши  — илгари кузатилмаган глобал ҳодиса. Бу шундай урушки, қарама-қаршилик бошлаганда улар қўлга қурол олмайдилар, бир-бирларига бомба улоқтирмайдилар. Лекин савдо уруши бошланиши учун сабаб ва баҳона керак. 2018 йилнинг 1 мартида АҚШ президенти  Доналд Трамп ўз Твиттерида сал бўлмаса, дунёнинг барча мамлакатларини АҚШ пўлат ва альюминий саноатини емираётганликда айблади. У эркин, адолатли ва оқилона савдони талаб қилди. Трампнинг фикрича, Америка компаниялари ва ишчилари, улар билан бирга, миллий хавфсизлик зарба остида қолган.  Интеллектуал мулкнинг ўғирланиши ва савдо балансидаги тақчиллик Трампни айбдорларни жазолаш керак, деган хулосага етаклади. Бош айбдор бармоқ билан кўрсатилди. Бу – Хитой. 

Орадан кўп ўтмай президент маъмурияти Твиттердан амалий ишларга ўтди. Тарифлар кўриб чиқиладиган бўлди.  Шу йилнинг июнида Қўшма Штатлар Хитойнинг 50 миллиард долларлик маҳсулотларига йилига 25 фоизли бож жорий этди. Бу Хитой Халқ Республикаси билан савдо балансини тиклашдаги биринчи қадам бўлмоғи керак эди: бу импорт қилинаётган маҳсулот таннархининг кўтарилишига ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга рақобатлашиш имкониятини бериши тахмин қилинганди. Аммо бунинг учун Пекин жавоб чорасини қабул қилмаслиги лозим эди. Бироқ, осмоности мамлакати АҚШнинг 659 номдаги маҳсулотларига мақбул тарифлари билан жавоб қайтарди. 

Бож нафақат хитойлик экспортчилар чўнтагига, балки америкаликлар ҳамёнига ҳам зарба бўлиб урилди. АҚШда истеъмол маҳсулотлари қимматлашганига қарамай, Оқ уй Пекинга босимни кучайтирди. 

Американинг ҳар бир чорасини Хитой ҳам жавобсиз қолдирмаяпти.  Масалан, яқин орада чинлар “Хитойда яратилган – 2025” дастурига мувофиқ, импортга бўлган эҳтиёжни қисқартириши ва хорижий маҳсулотни миллий товарлар билан алмаштиришга ўтди. Шубҳасиз, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакаатларида Пекиннинг технологик устунлиги дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётини ташвишга солмай қўймайди. 

Трамп ҳокимиятга келиши билан америкалик сиёсатдонлар уларнинг асосий вазифаси Хитойнинг иқтисодий заифлашувига эришиш, унинг тараққиётини бостириш, юқори технология тармоқларида рақобатга йўл қўймаслик эканини очиқ баён этишга киришдилар. 2018 йилнинг мартида Сенатдаги савдо бож  муҳокамаларида АҚШнинг савдо вакили Роберт Лайтхайзер  импортга бож жорий этилиши лозим бўлган юқори технология маҳсулотлари рўйҳатини эълон қилди, шу билан бирга агар Хитой ҳукмрон дунё технологияси давлатига айланса, бу АҚШга қимматга тушишини ҳам яшириб ўтирмади.  

Дарҳақиқат, 20 йил ичида Хитой мисли кўрилмаган ютуқларга эришди, юқори технологиялар бобида анча мунча тараққий этган давлатларни қувиб ўтди, унинг экспортбоп маҳсулотлари дунёни забт этишга улгурди. 

“Аввало    Америка” шиори билан ҳокимият тепасига келган Трамп Хитой билан муносабатлардаги ҳамкорлик-рақобат баланси ниҳоясига етганини баён этди. Иш рақобат томон силжигани кўриниб қолди. Оқ уй раҳбари учун устувор вазифа  Америка бизнеси, Америка ишчилари, Америка фаровонлиги бўлиб қолди.   

Шубҳасиз, бугун  дунёда АҚШнинг энг катта рақиби ХХР. Вашингтон Пекиннинг “Бир макон – бир йўл” стратегиясининг амалга ошишини жон жаҳди билан тўхтатиб қолишга уринаяпти. Ушбу мавзу АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Осиё мамлакатлари – Малайзия, Индонезия ва Сингапурга сафари марказида бўлгани бежиз эмас.  Олдин Малайзия ва Индонезия “Бир макон – бир йўл” лойиҳаларига фаол қўшилган эди, бироқ Вашингтоннинг махфий дипломатияси ўз сўзини айтди: Помпеонинг ташрифи арафасида Малайзия Хитой билан биргаликда темир йўл ва қувурлар қуриш келишувларини тўхтатганини эълон қилди.  Сафар арафасида АҚШ дипломатияси раҳбари Осиёдаги инфратузилма ва энергетик лойиҳаларга кўп миллионли сармояларни кўзда тутувчи “Ҳинд тинч океани иқтисодий конпепцияси”ни тақдим қилди. Хитой стратегиясига қарши қаратилган мазкур чақириққа Япония ва Австралия ҳам қўшилди.

Савдо чекловларининг ҳаддан ошгани Америка тадбиркорлари руҳини синдирди. АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортда оғир талофатларга учради, соя ва гўшт маҳсулотлари туриб қолди. Хитой бозорига кириш имконияти бой берилиши ортидан Мексика ва Таиландга экспорт муаммолари пайдо бўлди.

Афтидан, Хитой раҳбарияти савдо ярашувлари учун қадам ташлашга тайёр, бироқ кўп нарса Оқ уйга боғлиқ. Инсоният ҳануз глобал молиявий инқироз муаммоларидан тўла халос бўлолгани йўқ. Савдодаги таранглик эмас, ҳамкорлик сайёрамиздаги миллионлар, миллиардларнинг тақдирига ижобий таъсир кўрсатади, умумий фаровонлик ва тинчлик ишига хизмат қилади. 

Абдували САЙБНАЗАРОВ,сиёсий шарҳловчи