Бокс мусобақаларида ҳар йили 40 нафаргача спортчи вафот этаяпти

Фото: amazonaws.com

РОССИЯЛИК боксчи Максим Дадашев пуэрторикалик боксчиСубриэл Матиас билан бўлган учрашув чоғида олган жароҳатлари туфайли вафот этганидан сўнг, профессионал бокс ҳақида баҳс-мунозаралар бир муддат авж олди. Муҳокамаларда иштирок этганларнинг аксарияти “шу қонли спорт тури керакми ўзи?”, деган саволни ўртага ташладилар.

Афсуски, россиялик профессионал боксчилар орасида жангдан сўнг ўлган фақат Дадашев эмас, мухлислар Сергей Ковалев билан бўлган жангдан сўнг вафот этган 27 ёшли Роман Симаковни ҳам унутганлари йўқ.

Мексикалик боксчи Франсиско Леал эса ҳамюрти Раул Иралес томонидан берилган зарбадан сўнг ҳушига келмай 26 ёшида вафот этади.

Яна бир мексикалик чарм қўлқоп устаси Мартин Санчес россиялик  Рустам Нугаев билан рингдаги муштлашувдан сўнг жон берган.

Корелик боксчи Йо Сам Чойга эса оғир жангда ғолиб чиқиб, ғалабани нишонлаш ҳам насиб этмаган. У сўнгги раундга гонг чалиниши билан ҳушидан кетиб, шифохонада ўзига келмасдан вафот этган.

Статистикага эътибор берилса, 1918 — 1997 йиллар давомида рингдаги зарбалар туфайли 659 нафар боксчи ҳаётдан кўз юмган. Вафот этганларнинг асосий қисмини енгил вазндаги спортчилар ташкил этади. Бугунги кунда ҳам ҳар йили 20 — 40 нафар боксчи рингда олган жароҳатлари туфайли жон беряпти.