Осмоности мамлакати хабарлари

Фото: it-offshore.com

Хусусий банклар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиши кутиляпти
ДАВЛАТ томонидан молия-банк соҳасида юритилаётган сиёсат натижасида мамлакатда яқин вақт ичида хусусий банклар сони кескин кўпайиши кутилмоқда.
“Economic Information Daily” газетасининг маълум қилишича, ҳукумат хусусий банкларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиққан. Бу борада мамлакатда 2014 йилда хусусий банклар ташкил этишга рухсат берилгани муҳим аҳамият касб этганди. Бироқ, 2017-2018 йилларда бу жараён айрим сабабларга кўра сустлашиб қолган эди. Бугунги кунда Хитойда 17 та хусусий банк фаолият кўрсатмоқда. Яқин кунлар ичида шу йилнинг май ойида лицензия олган 18-хусусий банк ҳам Цзянси вилоятида фаолиятини бошлайди.
Бундан ташқари, мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам бир қатор таъсисчилар банк фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома олишга ҳужжатлар тайёрламоқдалар.
Ҳозирги вақтда мамлакатдаги мавжуд 17 та хусусий банкнинг барчаси зарар кўриб ишлаяпти. Ҳукумат улар фаолиятини таҳлил қилгандан ҳолда, хусусий молия секторини қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда.

Пекинда экологик тоза таксилар кўпаяди
2020 йил охирига бориб Пекинда янги энергия манбалари асосида ишловчи 20 мингта такси пайдо бўлади.
Пекин таксичилар уюшмаси раиси Ван Цзянхунинг таъкидлашича, бундан кўзланган асосий мақсад ҳавонинг ифлосланишига қарши курашишдир.
Ўтган ҳафта “тоза” энергия асосида ишловчи транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги энг йирик Пекин электромобил қурилиш компанияси (BJEV) 800 дона электромобилни маҳаллий такси компанияларига топширди.
Бу турдаги “тоза” транспорт воситаси бир марта қувватлантирилганда 300 км йўл босади, батареяларни янгисига айлмаштиришга эса атиги уч дақиқа вақт сарфланади.
BJEV ширкати айни пайтгача мамлакат пойтахтида аккумуляторларни алмаштирадиган 100 та станцияни қуриб фойдаланишга топширган бўлса, келгуси йили яна 190 та шундай станцияни ишга туширишни режалаштирган.
2018 йилда Пекин ҳукумати шаҳар ҳавоси ифлосланишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилган бўлиб, унда шаҳардаги 70 та анъанавий таксини муқобил энергия билан ишлайдиган янги транспорт воситасига алмаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, мамлакатда янги энергия манбаи асосида ишловчи транспорт воситаларини кўпайтириш ҳам режалаштирилган. Жумладан, 2020 йилда уларнинг сонини 5 млн га етказиш мўлжалланган.

Қашшоқликка қарши куршишга бағишланган кўргазма очилди
МАМЛАКАТ пойтахтида қашшоқликка қарши курашишда эришилган ютуқларга бағишланган кўргазма очилди.
16 август куни тантанали тарзда очилган мазкур тадбир 21 августга қадар давом этади. Унда марказий ва маҳаллий ҳукуматнинг ХХРда қашшоқликка қарши кураш борасида олиб борган ишлари ҳикоя қилинади.
Хитой Коммунистик партиясининг XVIII съездидан сўнг марказий ва маҳаллий давлат идоралари жойларга қашшоқлик билан курашиш учун 1727 нафар мансабдор шахсни сафарбар этган, ушбу мақсад учун 71,37 млрд юан (10,2 млрд долларга яқин) маблағ йўналтирилган. Қайта тайёрлаш ва ўқитиш йўли билан 649 минг нафар мутахассис тайёрланди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш учун аҳолига 63,67 млрд юан маблағ ажратилди, 13 млн одамга ўта қашшлоқликдан чиқишига ёрдам кўрсатилди.

Махсус кампания натижасида 9378 жиноий гуруҳ йўқ қилинди
ЖОРИЙ йилнинг июн ойи ҳолатига кўра мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши кураш кампанияси давомида 9378 та жиноий гуруҳ фаолиятига нуқта қўйилди.
Жиноий гуруҳларга қарши махсус кампания марказий ҳукуматнинг қарори билан 2018 йилнинг август, 2019 йилнинг апрел ва июн ойларида ўтказилди.
Тадбир доирасида 33270 нафар киши тегишли жазога тортилди, давлат хизматчилари ҳомийлигида жиноий гуруҳлар томонидан содир этилган 33335 та коррупция ва бошқа жиноятлар фош этилди.

Абдувоҳид ОЧИЛОВ тайёрлади