«Ўзнефтегазинспекция» газ ўғриларини фош этмоқда

Фото: delo.ua

ТАШКИЛОТ томонидан ўтказилган навбатдаги назорат текширувларида табиий газ истеъмоли билан боғлиқ қатор қонунбузарликлар аниқланган.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабарида айтилишича, 2019 йил 1 январдан 15 августгача ҳаммаси бўлиб тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 1 минг 763 нафар истеъмолчи аниқланди. Айбдорларга тегишли чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга топширилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ноқонуний тарзда фойдаланилган газ миқдори 39 млн. 780 минг куб. метрни ташкил этади.

Биргина август ойининг биринчи 15 кунида тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 187 та улгуржи истеъмолчи аниқланган бўлиб, ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 3 млн. 200 минг куб. метрни ташкил этган.

Мисол учун, Фарғона вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётган 101 та истеъмолчи фош этилиб, ўғирланган қимматбаҳо табиий газ миқдори 1 млн. 396 минг. куб. метрни ташкил этиши аниқланди.

Бундай қонунбузарлар қаторига 219 минг куб метр табиий газни ноқонуний тарзда истеъмол қилган «Глория Текстил» МЧЖ (Қўқон шаҳри) тикувчилик корхонасини, 178 минг куб метр газдан қонунга зид тарздан фойдаланган оҳак ишлаб чиқарувчи «Қувасой Диёр Файз» МЧЖ (Қувасой шаҳри)ни қўшиш мумкин. Фарғона вилоятидаги қолган 99 қонунбузар томонидан 999 400 куб. метр табиий газ ноқонуний истеъмол қилинган.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида юқоридаги каби  қонунбузарликлар содир этган корхоналар сифатида: 417 минг куб метр газни ўғирлаган пишган ғишт ишлаб чиқарувчи «Баҳор Интер Азия» корхонасини  (Навоий вилояти, Кармана тумани), 213 минг метр куб газни қонунга зид тарзда истеъмол қилган «Эстакада Қумқўрғон» ва «Жарқўрғоннефть» корхоналарини (Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани), 75 минг куб метр газни талон-тарож қилган ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи «Қиробод мавжлари» МЧЖ (Бухоро вилояти, Қоракўл тумани) ҳамда 219 минг куб метр газдан қонунга хилоф равишда фойдаланган оҳақ ишлаб чиқарувчи «Орбита глобус» МЧЖ (Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани)ни санаб ўтиш мумкин.

«Ўзнефтегазинспекция» оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши ва бу борадаги қонунбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳақида доимий тарзда хабардор қилиб бормоқда. Табиий газдек қимматбаҳо энергия манбаи миллий бойлигимиз бўлиб, ундан қонунга хилоф тарзда фойдаланиш, давлат манфаатларига сезиларли зарар етказиш ҳолатларига қатъий чора кўрилади.