Тошкентда хоккей бўйича халқаро турнир ўтказилади

23-24 август кунлари Тошкентдаги кўп тармоқли “Humo Arena” муз саройида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб хоккей бўйича халқаро турнир ўтказилади.

Мусобақада Тунги хоккей лигасининг доимий иштирокчиси, Россиянинг «Премьер» жамоаси ҳамда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган «Тошкент» ва «Ҳумо» клублари фахрий хоккейчилари қатнашади.

Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон хоккей федерацияси ва «Тошкент» хоккей клуби ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими 23 август куни соат 15:00 да “Humo Arena” муз саройига туташ ҳудудда ўтказилади. Шу куни Вячеслав Фетисов ташкил этган «Премьер» ва «Тошкент» жамоалари аъзолари дастлабки учрашувда куч синашади. 24 август куни соат 12.00 да россияликлар «Ҳумо» жамоасига қарши муз устига тушишади.