Тиббиётимизда янгилик

СУЯК, бўғим касалликлари ва жароҳатларнинг олдини олиш, бундай хасталикларни эрта ташхислаш ҳамда даволаш жаҳон тиббиётининг долзарб муаммосидир. Бу йўналишда мамлакатимиз олимлари ҳам ўзига хос илмий изланишлар олиб бормоқда. Натижада юртимиз травматологиясида янги усул — биполяр эндопротезлаш амалиёти жорий этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Маълумки, шу кунга қадар тиббиётимизда чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш амалиётининг айрим турлари, жумладан, тоталь ҳамда ревизион усулларидан фойдаланиб келинар эди. Эндиликда эса, улар сирасига чаноқ-сон бўғимини биполяр эндопротезлаш усули ҳам қўшилди. Бу усулнинг ноёблиги шундаки, бунда бўғим очилгандан сўнг унинг айнан шикастланган сон суяги қисмигина олиб ташланиб, ўрнига эндопротез қўйилади. Яъни, эндопротез қўйиладиган қисмнинг ўлчамлари олиниб, бўғимнинг чаноқ-сон қисмига тегмаган ҳолда, махсус керамик ёки металдан ишланган эндопротез ускунасини чаноқ-сон косаси ичига эркин ҳаракатланадиган қилиб ўрнатилади.

Илгари ушбу амалиёт бироз мураккаб тарзда ўтказилар, бунда чаноқ-сон косаси ускуналар ёрдамида тозаланиб, тоғай қисми олиб ташланар ва махсус воситалар ёрдамида маҳкамланар эди. Бу эса амалиётнинг узоқ вақтга чўзилишига, қон йўқотиш хавфининг ортишига ва беморда жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ бошқа ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўларди.

“Энди эса бунга ҳожат қолмади, — дейди 1-Республика клиник шифохонаси шифокори, тиббиёт бўйича фалсафа доктори (PhD) Камолхўжа Эшназаров. — Боиси ушбу усул орқали ҳам вақт, ҳам маблағ тежалади. Жумладан, ушбу амалиёт ўзининг бор йўғи 45 дақиқагина давом этиши билан ҳам ажралиб туради. Борди-ю, беморнинг умумий аҳволи яхши бўлиб, амалиёт жараёнидаги иштирок этувчи шифокор-ходимлар гуруҳи тажрибали бўлса, унда операция 30 дақиқада ҳам якунланиши мумкин. Табиийки, бунда бемор ортиқча қон йўқотиш ҳолатидан азият чекмайди. Шунингдек, тананинг кесилган қисмидаги кесма узунлиги 7-8 сантиметрни ташкил этади. Энг муҳими эса, шундай мураккаб амалиётдан сўнг бемор қисқа вақт оралиғида оёққа туриб, юра бошлайди, операциянинг бешинчи кунида эса уйига рухсат берилади. Бу дунё тиббиётида камдан-кам ҳолатлардагина кузатилади”.
“Эндопротезлаш амалиётининг дунё тан олган ушбу усули жаҳоннинг саноқли мамлакатларидагина амалга оширилади, — дейди 1-Республика клиник шифохонаси шифокори, тиббиёт бўйича фалсафа доктори (PhD) Камолхўжа Эшназаров. — Жумладан, АҚШ, Германия, Туркия, Япония, Жанубий Корея сингари тиббиёти ривожланган давлатлар бу йўналишда етакчилардан ҳисобланишади. Илғор усул, замонавий технология ва инновациялардан кенг фойдаланган ҳолда ўтказилиб келинаётган мазкур амалиёт мана тўрт ойдан буён шифохонамизда ҳам қўлланилмоқда. Муассасамизнинг бир гуруҳ ходимлари билан биргаликда Жанубий Кореянинг Ёнсей ва Чоннам университетларида малака ошириб қайтдик”.

Айни пайтда шифохона олимлари томонидан ушбу мураккаб технологияли амалиётларни юртимиз тиббиётида ҳам кенг қўллаш устида иш олиб борилмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида 25 нафардан зиёд 70 ва ундан катта ёшдаги беморларда ушбу амалиётнинг қўлланилгани юқоридаги фикримиз тасдиғидир. Қувонарлиси, амалиёт ўтказилган барча беморлар соғлом ҳаётга қайтарилиб, ўзларини яхши ҳис қилишмоқда. Эндиликда, ушбу усул дастлаб мамлакатимизнинг Самарқанд, Навоий, Фарғона, Тошкент, кейинчалик эса бошқа вилоят травматология ва ортопедия марказларида ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилаяпти.