Гулнора Каримовага пора берганларга оғир жазо тайинлаш сўралди

Жорий йилнинг 19 декабрь куни Стокгольм (Швеция) шаҳар судида “Telia” компаниясининг собиқ раҳбарлари устидан бораётган суд жараёнида прокурорлар айбланувчиларга мамлакат қонунчилигида коррупция учун белгиланган энг оғир жазо берилишини сўраган. Суднинг якуний ҳукми келгуси йилнинг 15 февралида эълон қилиниши кутилмоқда.

Суд жараёнида Скандинавиянинг “TeliaSonera” (ҳозирги  номи “Telia”) компаниясининг уч нафар собиқ раҳбари Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримовага 350 млн АҚШ долларидан кўпроқ пора берганликда айбланди.

Судланувчилар “TeliaSonera”нинг собиқ Евроосиë бўйича вице-президенти ва молиявий директори Теро Кивисаари, компаниянинг 2007-2013 йиллардаги бош ижрочи директори Ларс Нюберг ҳамда  Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туималардир.

“Telia” компанияси 2017 йили АҚШ Адлия вазирлиги билан судгача музокараларда Ўзбекистонга кириш учун собиқ амалдорлари пора берганини тан олган ва қарийб 1 миллиард доллар жарима тўлаш баробарида Ўзбекистондан «масъулиятли равишда чиқиб кетиш» мажбуриятини зиммасига олган эди.