Доналд Трамп маслаҳатчиси Жон Болтонни ишдан ҳайдади

Иллюстрация: ‎AP

АҚШ президенти Доналд Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтонни истеъфога чиқарганини маълум қилди. Оқ уй соҳиби бу қарорга келишига эндиликда собиққа айланган маслаҳатчиси билан кўп масалаларда «катта тушунмовчиликлар» борлиги сабаб бўлганини таъкидлаган.

«Кеча мен Жон Болтонга эндиликда Оқ уйда унинг хизматига эҳтиёж йўқлигини маълум қилдим. Мен ҳам админстрациянинг бошқа ходимлари қатори унинг кўплаб таклифларига қарши бўлиб келдим. Охир-оқибат, уни истеъфога чиқаришга қарор қилдим», — деб ёзган «Твиттер»даги саҳифасида Қўшма Штатлар етакчиси.

Болтон президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига 2018 йил апрел ойида тайинланган эди. У 2017 йилдан бери бу вазифадан озод этилган учинчи маслаҳатчи бўлди. Ундан аввал Оқ уйда бу вазифани Майкл Флинн ва Герберт Макмастер эгаллаган ва улар ҳам президент билан фикрлар қарама-қаршилиги боис ишдан ҳайдалган эдилар.

Жон Болтон АҚШ администрациясининг лочини, Эронга нисбатан кескин муносабатда бўлиш тарафдори ҳисобланади. У 2015 йилда имзоланган ядро дастуридан АҚШни олиб чиққан лойиҳа муаллифларидан биридир.