АҚШдаги 11 сентябр воқеаларига оид ҳужжат нега ошкор этилмаяпти?

Фото: AP, Chao Soi Cheong

АМЕРИКАЛИКЛАР оддийгина қилиб «28 варақ» деб атайдиган махфий ҳужжат ўша пайтдаги АҚШ президенти Жорж Бушнинг МРБ ва бошқа идораларга берган топшириғи асосида тайёрланган.

Саудия Арабистони террорчиларни қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин
Айтилишича, ушбу ҳужжат ошкор этилса, 2001 йил 11 сентябр куни учоқларни олиб қочганларга АҚШда кимлар ёрдам бергани маълум бўлади. Ўтган 13 йил давомида Вашингтон мазкур ҳужжатни сир сақлаб келди, у билан фақатгина алоҳида махсус шахслар унда ҳам қаттиқ назорат остида бирон нимани кўчириб олмаслик шарти билан танишиб чиқиши мумкин.

Ҳужжатда ёвуз ниятли шахсларни Саудия Арабистони қўллагани қайд этилган бўлиши ҳам мумкин. Собиқ сенатор-демократ, кейинчалик Комиссия аъзоси бўлган Боб Грэхем ўша ҳужжат билан танишиб чиққан кам сонли одамлардан биридир. У 13 йил давомида билганлари ҳақида бошқалар каби чурқ этиб оғиз очмаганди, бироқ CBS телеканалига берган интервюсида жимликни бузди.

Ҳужжатни ошкор этиш кўпроқ АҚШда талаб этиляпти
«28 варақ»да қатор одамларнинг исм-фамилиялари келтирилганки, улар АҚШда содир этилган ҳужум иштирокчиларига бевосита ёрдам берган бўлишлари мумкин. Боб Грэхем CBS телеканалининг «60 дақиқа» кўрсатуви бошловчиси Стив Крофт билан бўлган суҳбатда шу ҳақда гапирган. Бошловчининг террорчиларнинг тарафдорлари Саудия Арабистонидан бўлганми, деган саволига Грэхем: «Асосан», – деб жавоб берган. Крофт навбатдаги саволни бериб, Саудия Арабистони ҳукуматидагилар, бадавлат одамлар ёки йирик ширкатлар бунга алоқадорми, деб сўраганида собиқ сенатор: «Ҳоизр тилга олиб ўтганларингизнинг барчаси», – деб жавоб берган.

АҚШда эса мазкур ҳужжатни ошкор этиш, жамоатчиликнинг у билан танишишига рухсат беришни талаб қилишлар эса кучайиб бормоқда. Бироқ, конгрессменлар, манфаатдор идораларнинг мутасаддилари мумкин қадар бу ишни хаспўшлашга ҳаракат қиляптилар.

Обама Саудия Арабистонининг муносабатидан чўчиган
Оқ уй ҳужжатнинг ошкор этилмаётганига сабаб сифатида салбий оқибатлар юзага келиши, жавоб чоралари ҳамда чекловлар АҚШнинг мансабдор шахслари ва хориждаги фуқаролари ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини келтирган. Чунки, ислом динини ниқоб қилиб олган террорчиларга қарши курашда араб давлатлари ҳам муҳим рол ўйнаяпти.

Теракт оқибатида қурбон бўлганларнинг қариндошлари Барак Обамага нисбатан ғазабларини яширмаяптилар. Бундан ташқари, сенатор Кирстен Жиллибранд (Ню-Йорк) ҳужжат билан танишиб чиққан ва уни эълон қилишни талаб этаяпти. Сенатор хонимнинг айтишича, қурбон бўлганлар оилаларининг бунга ҳақлари бор. Республикачилардан президентликка номзод бўлган Доналд Трамп сайлов кампаниясида бундан демократларга қарши фойдаланишга уринмоқда.

Саудия Арабистони ва АҚШ – яқин иттифоқдошлар, бироқ улар ўртасидаги муносабат ўта мураккаб. Бунинг сабабларидан бири АҚШ ва Эрон ўртасида ядро келишуви бўйича шартнома имзоланганидир. Шу боисдан Барак Обама вазият янада чигаллашишини истамаяпти. Шу боисдан, 9/11 ҳужжатлари эълон қилиниши ҳақиқатан анча йироқ.
/»Huffington Post» (Германия) нашри, 20.04.2016/