Нуротада янги археологик ёдгорлик топилди

6 сентябр куни ЎзР ФА Археологик тадқиқотлар институтининг турли даврлар бўйича мутахассислари томонидан Навоий вилоятига бир кунлик археологик қидирув экспедиция уюштирилди.

Ёдгорлик чўкинди геологик жинслардан таркиб топган баландлиги тахминан 80-100 метрлик тик қоя устига қурилган. Жойланиши тарихий-стратегик жиҳатдан қулай, Нурота тоғ тизмасини кесиб ўтадиган довоннинг энг юқори қисмида жойлашган бўлиб, ўтиш йўлини назорат қилувчи қўриқлаш минораси қолдиғи эканлиги аниқланди, дейилади академия хабарида.

Ушбу жойдаги археологик кузатувлар натижасида XI-XIII асрларга оид сирланган ва сирланмаган сопол идиш парчалари, темирдан ясалган япроқсимон пайкон учи, 22х22х4 см. ўлчамдаги пишиқ ғишт бўлаклари ҳамда темурийлар даврига оид мис танга, 25-27х25-28х4-5 см. ўлчамдаги пишиқ ғишт қолдиқлари, сирланмаган сопол идиш парчалари топилди. Қўшимча тарзда темирга ишлов бэриш қолдиқларининг кузатилиши шу атрофда темир ишлаб чиқариш устахоналари мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Кузатувлар жараёнида Македониялик Искандар (юнон даври) даврига оид топилмалар кузатилмади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қоянинг тепа қисми текис қояликдан иборат ва ўлчами тахминан 10х10 метрда. Шу жиҳатдан қала учун хос бўлган казарма ва бошқа меъморий қурилмалар мавжуд эмас. Фақатгина ҳозирда сақланмаган кузатув минорасига мансуб пишиқ ғишт парчалари сочилиб ётибди. Минора дэворларининг айрим катта бўлаклари пастга қулаб тушган. Маҳаллий аҳолининг қайд қилишича, миноранинг ғиштлари ўтган асрнинг 50-60-йилларида ташиб кетилган.

Ёдгорлик македониялик Искандар даврига оид бўлмасада, бу ерда табиат-этнографик туризмини ривожлантиришга етарлича салоҳиятга эга. Хусусан, ажойиб тоғ манзараси, тоғ жинсларининг ноодатий шакллари, маҳаллий аҳолининг ўзига хос урф одатлари ҳамда яхши транспорт йўли мавжуд. Айни вақтда қоя тепасида ўрта асрларга оид кузатув минора макетини қайта тиклаш, пастки қисмида турли даврларга оид турар жойлар макетини бунёд этиш ва шу орқали бу ерга туристларни жалб қилиш мақсадга мувофиқдир.