Иқлим ўзгариши яна кун тартибида

Европа Иттифоқи Иқлим бўйича Париж битимига оид режани тезроқ қабул қилишга чақирмоқда. Европа Иттифоқи Париж Конвенциясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича режани тезда қабул қилиш тарафдоридир, деди Австрия делегацияси вакили Хелмут Хоецкий, Полшанинг Катовица шаҳрида бўлиб ўтаётган Иқлим конференцияси бўйича матбуот анжуманида. 

 Польша жанубидаги Катовица шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 24 – конференцияси  иштирокчилари Иқлим тўғрисидаги Париж битимининг қоидаларини амалга ошириш йўлларини муҳокама қилишди. Европа Иттифоқи вакилининг сўзларига кўра, Париж битимининг бажарилишида “талабчан бўлиш керак”.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 12 декабрда Парижда БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенциясига бағишланган конференциянинг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинган ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирган эди.

Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу битимнинг мақсади  ҳароратнинг глобал ўсишини Цельсий шкаласи бўйича ўртача 2 даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳарорат ўсиши 1,5 даражада чекланиши учун саъй-ҳаракатларни ишга солишдан иборат.

Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган, Олий Мажлис Сенати жорий йил 27 сентябрь куни “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни тасдиқлаган. 

Глобал иқлим ўзгариши ёки Антарктида музликларининг эриши дунёнинг бошқа мамлакатларида акс-садо бераётганига жаҳоннинг нариги бир чеккасида содир бўлаётган табиий офатлар орқали гувоҳ бўлиб турибмиз.

Дунё аҳолисининг муттасил ўсиши озиқ-овқат, ёнилғи ва кийим-кечакка бўлган эҳтиёжнинг ошишига сабаб бўлаётгани, бу, ўз навбатида, ўрмон ҳудудларининг қисқаришига, тупроқ тузилмасининг бузилиши, озон қатламининг камайиши ва, албатта, ҳаво ҳароратининг исишига олиб келаётир.

Табиий ва минерал хомашё захираларидан нооқилона фойдаланиш, улкан саноат корхоналарининг бунёд этилиши натижасида чиқиндиларнинг катта миқдорда чиқарилиши асосий сув ҳавзалари ва ер майдонларини ифлослантириб бўлди. Шунинг учун ҳам халқаро кузатувчилар кейинги йилларда мазкур муаммонинг янада кескинлашганини таъкидлай бошладилар. Биринчи навбатда тупроқ ҳолати ва унумдорлигини ошириш билан боғлиқ масала бутун сайёра муаммосига айланди, десак, муболаға бўлмайди.

Она сайёрамизда экологиянинг тобора издан чиқаётгани Ер юзида тупроқ нураши, ўрмонлардан маҳрум бўлиш, тузли ёмғирлар, атмосфера ифлосланиши, озон қатлами бузилиши ва бошқа офатларни келтириб чиқармоқда. Натижада бутун дунёда экологик муҳитнинг ёмонлашуви билан боғлиқ турли-туман касалликлар сони ортиб бораяпти. Шунинг учун ҳам соҳа мутахассислари, агар олди олинмаса, биринчи навбатда, Ғарбий Осиё (Яқин Шарқ), Африка, Осиёнинг катта қисми, Жанубий Европа ва Австралиянинг глобал иқлим ўзгаришлари туфайли жиддий ижтимоий можаролар ва муам­молар гирдобида қолажагини таъкидламоқдалар.

Ҳақиқатан ҳам глобаллашув жараёни жаҳон сиёсий маконининг янгича кўриниш олиши ва тараққий этишига салбий таъсир кўрсатаяпти. Айни пайтда замонавий халқаро муносабатлар дунё халқлари ўртасидаги яқинлашув жараёнларини тезлаштириш, ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд ижтимоий-сиёсий муаммолар, айниқса, минтақавий ва давлатлараро можароларни ҳал қилиш, қашшоқлик ва қолоқликни тугатиш, экологик хавфсизликни ҳамжиҳатликда таъминлашни талаб этаётир.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, Ер атмосферасидаги йиллик ўртача ҳаво ҳароратининг аста-секин кўтарилиб боришига очиқ электростанциялар, автомобил тутунлари, завод қувурлари ва бошқа ифлослантирувчи манбаларнинг ҳаво бўшлиғига йилига 22 миллиард тоннага яқин зарарли газларнинг чиқариши сабаб бўлмоқда. Чорвачилик, ўғитдан фойдаланиш, кўмир ёқилиши ва бошқа манбалар эса йилига 250 миллион тонна метан ҳосил қилаяпти. Энг ачинарлиси, инсоният томонидан ҳавога чиқариб ташланаётган барча иссиқлик газларининг ярмига яқини атмосферада қолиб кетмоқда. 

БМТ ҳузуридаги иқлим ўзгаришларини ўрганувчи ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи маърузасида таъкидланишича, ХХI аср охирига бориб Ердаги ўртача ҳарорат одатдагидан 6,4 даража юқори бўлади.

Яна рақамларга кўз ташласак. Ер шари аҳолисининг ярмидан кўпроғи (6,9 миллиарддан 4,3 миллиарди) чучук сув етишмайдиган ва қурғоқчилик ҳукм сураётган ҳудудларда яшамоқда. Биргина Австралияда табиий ва инсон омиллари оқибатида суғориладиган ерларнинг 50 фоизи экин экишга яроқсиз ҳолга келган. Ноорганик минерал ўғитлар, гербицид ва пестицидлар белгиланган нормадан ҳатто ўнлаб баробар ортиқ миқдорда фойдаланилган сайёрамизнинг бошқа ҳудудларида эса вазият бундан-да оғир. Бундан ташқари, янги ерлардан фойдаланишда зарур технологияларга риоя қилинмаяпти. Тупроқ таркибидаги намлик даражаси ортаяпти. Бу эса унинг қайта шўрланишига олиб келмоқда.

Дарҳақиқат, тупроқ ҳолати ва унумдорлигини ошириш билан боғлиқ масала барча мамлакатлар учун оғир муаммога айланди. ЮНЕСКО маълумотларига қараганда, сайёрамизда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 1,5 миллиард гектар ернинг ҳар йили 6-7 миллион гектари деградацияга учраб, муомаладан чиқиб кетаётгани ташвишланарли ҳолатдир.

Атроф-муҳит муҳофазаси ва экология билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиё давлатлари учун ҳам бегона эмас, албатта. Помир ва Тян-Шандаги музликларни ўрганиш ҳамда асраш дастури муаллифлари хулосасига кўра, минтақадаги сув захираларининг 60 фоизини ташкил этувчи музликлар бугун хавф остида. Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, биргина Федченко музлиги 1937 йилдан 2007 йилга қадар 1,5 километр узунлик ва 800 метр баландликда эриган. Сўнгги 60 йил давомида Марказий Осиёнинг жанубий қисмида ҳаво ҳарорати 1 даражага кўтарилгани музликлар эришининг жадаллашувига таъсир ўтказмай қолмаяпти. Иқлим исиши таъсиридан келгуси беш йил орасида тахминан 1,5 мингта катта-кичик музликлар батамом йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Янги ерларни жадал ўзлаштириш, суғорма деҳқончиликни янада ривожлантириш, сув тақчил бўлган ерларда бир хил экинларнинг такроран экилиши яқин тарихимизда йирик глобал экологик ҳалокатлардан бирининг содир бўлишига — сайёрамиздаги энг чиройли сув ҳавзаларидан бири — Оролнинг қуришига олиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, сўнгги эллик йил ичида денгиз акваторияси сатҳи 4 баробардан кўпроққа қисқарди, сув ҳажми 10 маротаба камайди, унинг минераллашуви эса худди шу миқдорда ошди. Бир пайтлар Оролбўйида кенг ривожланган балиқчилик саноати ўрнини инсонларда камқонлик, ўткир нафас йўли хасталиклари эгаллаганини айтмаса ҳам бўлади.

Хуллас, экологик хавфсизлик ва глобал иқлим исиши муаммоси дунё­нинг ҳеч бир давлати ёки халқига бегона эмас. Бир жойда рўй берган табиий офат эртага бошқа давлатга етиб бормаслигига ҳам кафолат йўқ. Орол денгизининг қуриб бориши, океанлардаги ҳароратнинг ўзгариши ва ёзда Антарктида музликларининг эриши дунёнинг бошқа мамлакатларида акс-садо бераётганига бугун жаҳоннинг нариги бир чеккасида содир бўлаётган табиий офатлар ор­қали гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан, бирон-бир мамлакат ёки халқнинг она-табиатни асраб-авайлашдек савобли ишдан четда туришга ҳаққи йўқ.

                                             А. Сайбназаров,сиёсий шарҳловчи