Нетаняхунинг янги дағдағалари

Фото: unian.net

АРАБ давлатлари Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида учинчи ҳудудни аннексия қилиш режасини қоралаб чиқди. 17 сентябрда Исроил парламентига сайлов белгиланган, сайловолди кампанияси доирасида телевизион чиқиш қилган Бенямин Нетаняху, агар ўнг қанот Ликуд партияси ғалаба қозониб, бош вазирликни қўлга киритса, Ғарбий соҳилдаги Иордан водийси ва Шимолий Ўлик денгизни ҳам Исроил ҳудудига қўшиб олиши ҳақида айтган.

Омма фикри сўровларига кўра, Нетаняху етакчилик қилаётган Ликуд ва Ликудга мухолиф «Мовий ва Оқ» партияси тенгма-тенг бормоқда, сайлов натижасига кўра, Кнессетда бошқа партиялар билан коалиция барпо этиш мушкул бўлиши мумкин. Шу боис, кузатувчилар фикрича, Нетаняху ушбу баёноти сайловчилар томонидан кенг қўлланишига умид қилган. Афтидан, ғалаба қозониш учун ҳукмрон коалицияни шакллантиришга ва ўнг қанот партиялари қўлловини олишига тўғри келади.

Ўзининг телемурожаатида бош вазир Доналд Трамп томонидан ваъда қилинган Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик келишуви режаси тақдим этилишини сабрсизлик билан кутаётганлигини таъкидлади, бироқ Иордан водийси ва Ўлик денгизнинг шимолий қисми устидан Исроил ҳукмронлиги сайловдан кўп ўтмай ўрнатилиши мумкин. «Агар мен сизлардан, Исроил фуқароларидан бунга мандат ололсам албатта», – деди Нетаняху. Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини, Шарқий Қуддус, Ғазо ва Жўлон тепаликларини 1967 йилда босиб олган. 1980 йилда Шарқий Қуддусни, 1981 йилда Жўлон тепаликларини аннексия қилиб олди, аммо жаҳоннинг аксарият давлатлари ҳанузгача бу ҳудудларни Исроилники деб тан олмаяпти.
Ғарбий соҳил шу пайтгача Исроил-Фаластин зиддиятларидаги энг катта тўсиқ бўлиб қолмоқда. У ерда ва Шарқий Қуддусда Исроил 140 га яқин манзилгоҳларни қурган, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ноқонуний саналади, гарчи Исроил буни инкор этсада. Мазкур манзилгоҳларда ҳозирда 600 мингдан зиёд яҳудий истиқомат қилади. Фаластинликлар бу кўчманчиларнинг баҳсли ҳудуддан чиқариб юборилишини талаб этмоқда.

Иордания, Саудия Арабистони, Туркия Исроил бош вазири баёнотини кескин танқид қилиб чиқдилар. Фаластин билан Исроил ўртасидаги тинчлик музокараларидаги Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эрекат, аннексия «тинчликка бўлган ҳар қандай имкониятни дафн этади», деб айтган. Исроил Фаластинга тегишли бўлган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини 1967 йили босиб олган, бироқ Исроил ҳудудига аннексия қилмаган. Фаластинликлар бутун ҳудуд ўзларининг келажакдаги давлати ҳудуди бўлишини айтиб келадилар. Бундан олдин Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху, «Исроил Иордан водийсида доим хавфсизлик мақсадида ҳозирлигини сақлаб қолади», деб айтган, аммо “аннексия” сўзини биринчи марта тилга олди.

Араб давлатлари Лигаси Исроил бош вазирининг баёнотини вазиятни хавфли ўзанга буриб юбориши мумкин бўлган агрессия деб баҳолади. «Араб давлатлари Лигаси унинг баёнотини Исроил агрессиясининг янги исботи сифатида кўради, бундан ташқари бу – халқаро қонунчиликни бузишга қаратилган очиқ ният», – дейилади ташкилотнинг расмий баёнотида.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги янги келишувларга эришишда воситачи бўлганларнинг бари, Америка бўладими, Қатар бўладими, ёки яна бошқа бир давлат бўладими, Нетаньяхунинг бу баёнотидан “донг қотиб” қолди. Исроил томони ҳар қандай тинчлик шартномасидан манфаатдор эмаслигини кўрсатиб қўйди. Улар ҳозир фаластин ҳудудларини ютиб юборишдан бошқа нарсани хохлаётганлари йўқ.

Араб олами реакцияси
Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади Нетаняху режасини можарони жиддий авж олдириш деб баҳолади. Унинг фикрича, Исроил сиёсатчисининг сўзлари бутун минтақани зўравонлик ўчоғига айлантириши мумкин.
«Сайловда ғалаба қозониш йўлида тинчликни бой бериш – хавфли ва масъулиятсизлик. Жаҳон ҳамжамияти оккупацияни кенгайтиришга оид беҳуда уринишларни рад этишини аниқ тушунтириб қўйиши керак», – деди у.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавуш ўғли Нетаняхуни ирқчиликда айблади.
Фаластин миллий администрациясининг юқори мартабали амалдори Ханан Ашравининг ҳисоблашича, Бинямин Нетаняху икки мустақил давлатнинг келажакда ёнма-ён қарор топиши режаси қурилаётган асосларни қўпориб ташламоқда.
Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлиги ҳам кескин баёнот билан чиқди: «Бу баёнот ғазабни келтирадиган ва фаластин халқининг йўл қўйиб бўлмайдиган ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда Исроил томони адолатли ва тўлиқ тинчликка эришишни қатъий хохламаслигини кўрсатади».

Саудия Арабистони Ислом Ҳамкорлик ташкилотига кирувчи 57 мамлакат ташқи ишлар вазирларининг шошилинч учрашувини ўтказишга чақирди.
«Тарихий Фаластин кундан кунга йўқолиб бормоқда, ундан Қуддусдан тортиб Иордан водийсигача бўлган ҳудудларни мусодара қилишмоқда. Ва бу Сайкс-Пико келишувига эришилганидан юз йил ўтиб рўй бермоқда (Буюк Британия, Франция, Россия ва Италия ўртасида биринчи жаҳон урушидан кейин Яқин Шарқдаги манфаатлар доираси тўғрисидаги келишув)», – деб ёзади Ливан друзлари етакчиси Валид Жумблатт “Твиттери”да. Сурия ва Қатар ҳам Нетаняху баёнотини қоралаб чиқишди.

Апрелда Исроилда муддатидан илгари парламент сайлови ўтказилган эди. Унинг натижаси ўлароқ Бинямин Нетаняху бешинчи маротаба Бош вазир лавозимини эгаллаши кутилаётганди. Агар у коалицион ҳукуматни шакллантира олса мамлакатни тўрт муддат бошқарган Исроил давлатининг отаси, асосчиси Бен-Гурионнинг рекордини янгиларди. Ўшанда олти миллиондан зиёд исроиллик 46 та партиянинг бирига ўз овозини берди. Нетаняхунинг “Ликуд” партияси (36 та овоз олган) коалицион ҳукумат тузиш учун ўнг қанотдаги партия ва блоклар билан музокаралар олиб борди, янги ҳукумат эса май ойи охирида иш бошлаши керак эди. Нетаньяху партиясининг асосий рақиби – «Кахол-Лаван» марказий блоки 35та мандатга эга бўлди. Ўта диндор партиялар – ШАС ва «Яхадут ха-Тора» мос равишда саккизта ҳамда еттита ўринни қўлга киритди. Бироқ Авигдор Либерман билан коалицион ҳукуматни шакллантириш борасида келиша олмагач, сентябр ойида янгидан сайловлар ўтказишга қарор қилинганди.

Нетаняхуни Исроилда Биби деб аташади. Бибининг катта катта тажрибасига қарамай, мазкур сайловолди кампанияси осон бўлмайди. Мазкур сайловда Биби учун асосий хавф – бу жиддий рақибнинг пайдо бўлгани. Номзод Бени Ганц ва унинг “Кахол-Лаван” партиявий блокида сайловда амалдаги ҳукумат партияси “Ликуд”нинг курагини ерга теккизиш имконияти бор эди.

Бени Ганц ким?
Бени (Бинямин) Ганц – бош вазирлик лавозими учун курашда Нетаньяхунинг бош рақиби. Олий армия унвонига эга генерал исроилликлар орасида улкан ҳурмат ва эътиборга эга. Кўплар унинг сиймосида мамлакатнинг ўзгармас етакчисига муқобил номзодни кўриб, унга катта умид боғлагани маълум. Бени Ганц венгриялик яхудийлар оиласида туғилган. Ота-онасининг иккиласи ҳам Холокостни бошдан ўтказишган ва урушдан кейин Исроилга кўчиб келишган. Армия хизматидаги тез кўтарилгани сабабидан Бенини баъзида “армия шаҳзодаси” деб аташади. Ганц 38 йил хизмати давомида десант батальонида оддий аскардан тортиб Исроил армияси Бош штаби бошлиғи лавомигача бўлган йўлни босиб ўтди. Ливан билан уруш даврида махсус бўлинмага қўмондонлик қилди, Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларга, шу жумладан, “Бузилмас қоя” операциясига бошчилик қилди, амалиёт давомида ХАМАСнинг ўнлаб туннеллари йўқ қилинди.

Ганц партиявий рўйҳатни топширишдан илгари бирмунча тажрибали сиёсатчи Яир Лапид билан иттифоқ тузишга келишиб оди.Шундай қилиб, Исроил сиёсий саҳнасида “Кахол-Лаван” янги партиявий блоки (ивритдан таржимада “мовий-оқ”, байроқ шарафига) пайдо бўлди. «Мовий-оқлар»га Бош штабнинг яна икки нафар собиқ бошлиғи кирдики, бу марказчи альянс оммабоплигини ошириб юборди.
Мабодо Ганц блоки Нетаняхуни қувиб ўтадиган бўлса ҳам ҳукуматни шакллантириши осон кечмасди: чунки ўнг қанотга мансуб бир неча партия ва блоклар ва ўта диндор партияларнинг бир нечтаси Ганц коалициясига киришдан бош тортган.

Араблар овоз берадими?
Сайловолди кампаниясида араб партиялари ҳам иштирок этаётганига қарамай, исроиллик кўплаб араблар ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланмайдиган кўринади. Араблар кўпинча овоз беришдан маъни йўқлигини эътироф этишади, негаки, ўзларини иккинчи навли фуқаролар сифатида ҳис қилишади. Ғазо сектори билан чегаралардаги можаронинг кескинлашуви, ўнг қанотдаги сиёсий партиялар ташаббуси билан давлатнинг яҳудийлар характери тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши, сиёсатчиларнинг аксилараб чиқишлари ҳам уларнинг қўлни ювиб қўлтиққа уришларига олиб келди. Ваҳоланки, ўтган сафарги сайловда бирлашган араб партияларидан иборат “Умумий рўйҳат” альянси кнессетда 120 мандатнинг 13 тасини ишғол этиб, учинчи ўринга кўтарилганди.

Хуллас, минтақада тинчлик ўрнатишга масъул бўлган давлатларнинг тарафкашлиги, масъулиятсизлиги Яқин Шарққа ҳали-бери орзу қилинган тинчликни олиб келмайдиган кўринади.
Абдували Сайбназаров