Навоийнинг қуриган боғлари

Фото: eco.gov

ЭКОЛОГИЯ ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг хабар беришича, жорий йилнинг 9 сентябр куни Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан Навоий давлат Педагогика институтининг М.Таробий кўчаси ҳудудида жойлашган факултетларнинг боғ-чорбоғлари ҳолати бўйича мониторинг кузатуви ўтказилган.

Ўрганишда институт масъул ходимларнинг эътиборсизлиги сабабли, ушбу ҳудуддаги мавжуд боғдаги мевали ва манзарали дарахтлар қаровсиз қолиб, 300 дан зиёд дарахтлар қуриб кетганлиги кузатилди. Боғ ичида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг олиб борилмаслиги натижасида хас-хашак ва турли чиқиндилар йиғилиб қолганлиги ҳамда мазкур ҳудуд ичида ичида айрим фуқаролар шахсий чорва молларининг боқилаётганлиги аниқланган.

Ушбу ҳудуддаги боғ ва ободонлаштириш учун мўлжалланган майдон учун суғориш тизими мавжуд бўлиб, ер ости сувидан фойдаланиш учун 3 та насос ўрнатилган, шундан бир дона насос носоз ҳолатда эканлиги аниқланди. Насоснинг ишламаслиги, масъул шахсларнинг лоқайдлиги натижасида 74 туп ўрик, 125 туп гилос, 3 туп арча ва 101 туп олхўри дарахтларнинг қуриб кетишига, шу билан бирга институтнинг янги Ахборот ресурслар маркази биноси атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларинг ўз вақтида олиб борилмаганлиги натижасида қаровсиз ҳудудга келиб қолган.

Шунингдек, институт ҳудудида янги қуриладиган ётоқхона учун ер майдони ажратилган бўлиб, қурилиш остига тушган дарахтлардан ташқари қўшимча равишда 34 туп арча ва манзарали дарахтлар ноқонуний кесиб ташланган.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тўпланган маълумотлар вилоят прокуратурасига юборилган.