Суд бошқарувчилари институти жорий этилди

СУД бошқарувчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарор билан суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан ўтказиш, малака аттестатини бериш, аттестат олиш учун ўқитиш ва малака ошириш тартиблари белгиланди, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Қайд этиш керак, суд бошқарувчиcи – банкротлик таомилларини ўтказиш учун иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс.
Суд бошқарувчиси қуйидаги асосий малака талабларига мос келиши зарур: олий маълумотли бўлиши, камида икки йил меҳнат стажига эга бўлиши, Давлат активларини бошқариш агентлигида аттестациядан ўтган бўлиши лозим.

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари суд бошқарувчиси томонидан ўз вазифаларига риоя этилишини назорат қилади.
Суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимига қуйидагилар киради:
қисқа муддатли курслар – 100 ва ундан ортиқ ўқув соатлари; қайта тайёрлаш (малакасини ошириш) – 30 ва ундан ортиқ ўқув соатлари; суд бошқарувчиларининг ўқув дастурига мувофиқ стажировкаларини ўтказиш.
Суд бошқарувчиси ҳар икки йилда малакасини оширади ва унга тегишли сертификат берилади.