Озарбайжонда Боку босқинчилардан озод этилганининг 101 йиллиги нишонланди

Фото: report.az

15 сентябр куни Озарбайжонда Боку шаҳрининг арман-болшевик босқинчилардан озод этилгани нишонланди. Ушбу муҳим тарихий воқеанинг 101 йиллиги муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилди.

1918 йил 15 сентябр куни Боку озарбайжон ва турк аскарлари томонидан озод этилган. Бу билан Озарбайжон мустақилликка эришди, арман ва болшевик босқинчиларининг ушбу шаҳар ва унинг атрофидаги ҳукмронлигига барҳам берилди.

Бокунинг арман-болшевик босқинчиларидан озод этилиши Озарбайжоннинг ХХ аср тарихидаги муҳим воқеалардан биридир.

1918 йилнинг май ойида Озарбайжон мустақил давлат деб эълон қилинган бўлсада, Боку ва унинг атрофидаги туманлар арман-болшевиклари оккупацияси остида қолиб кетган эди. Яқиндагина мустақиллигини қўлга киритган мамлакатни ҳали дунёда кўпчилик танимас ва давлатда ўз мустақиллигини етарли даражада ҳимоя қилиш имкони йўқ эди. Оғир вазиятга тушиб қолган бўлишига қарамай, Усмонийлар давлати Озарбайжонга Нур Пошшо  қўмондонлигидаги аскарларини юбориб, қўшин олдига Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини сақлашга кўмаклашиш вазифасини қўяди. Гарчи Европа давлатлари турк аскарларининг Озарбайжонда бўлишларига тиш-тирноқлари билан қаршилик қилган бўлсада, Усмонийлар давлати бу вазифани шараф билан бажарди.

15 сентябр куни Кавказ ислом армияси ва озарбайжонликлар қўшини Бокуни босқинчилар зулмидан озод этди. Ушбу тарихий воқеадан сўнг Озарбайжон Халқ Республикасининг пойтахти Ганж шаҳридан Бокуга кўчирилди.