Наманган форуми келишувларга бой бўлди

13—14 сентябр кунлари Наманганда ташкил этилган халқаро тиббиёт ва фармацевтика форумида кўплаб манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Австрия, Исроил, Миср, Покистон, Словакия ва Украина компаниялари билан умумий қиймати 92,7 миллион АҚШ долларилик 22 та келишув имзоланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Жумладан, “Косонсой фарм” ЭИЗда фаолият юритувчи “Спринг фармацевтик” МЧЖ ҳамда Мисрнинг Pharco pharmaceuticals corporation компанияси ҳамкорлигида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 30 миллион ҳамда Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Австриянинг AME International GmbH компанияси ўртасида вилоят кардиология марказини жиҳозлаш учун 10 миллион АҚШ доллари, “Мерримед Фарм” МЧЖ билан Германиянинг Textima Export Import компанияси ўртасида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этиш юзасидан 30 миллион евро миқдоридаги келишувларга эришилган.

Шу билан бирга, форум доирасида маҳаллий ва хорижлик малакали мутахассислар ҳамкорлигида юқори технологияга асосланган 40 га яқин мураккаб операциялар, жумладан, вилоят тарихида биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ҳам муваффақиятли ўтказилди.

Форум доирасида эришилган келишувлар ҳамда амалга оширилган юқори технологияли амалиётлар соҳа ривожида муҳим ўрин тутиши баробарида, аҳоли саломатлигини ҳимоялашда улкан аҳамият касб этади.