Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва ОАВ

Аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлардан хабардорлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини оширишда ОАВнинг ўзига хос ўрни бор. Шу нуқтаи назардан ОАВ ходимларининг мазкур йўналишдаги билим ва кўникмаларини ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда ЮСАИД халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган семинар-тренинг айни мақсадга қаратилгани билан эътиборга молик.

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларини ОАВда ёритиш  мавзуига бағишланган мазкур семинарда марказий ва маҳаллий нашрларда суд-ҳуқуқ мавзусида қалам тебратаётган бир гуруҳ журналистлар иштирок этди. Улар қонун устуворлиги, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг моҳиятини фуқароларга тушунтириш, суд ҳокимиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ОАВ фаоллигини таъминлаш сингари қатор масалаларда ўз малака ва тажрибасини бойитди.

 Ҳуқуқий мавзуда ахборот манбаси билан ишлаш, мавзуни ёритиш жараёнида холислик, шунингдек, соҳада дуч келинган муаммолар ечимини топишда жамоатчилик назоратига таяниш каби масалаларни иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда қизғин муҳокама қилиб, ўзаро фикр алмашдилар.

— Бу каби тренингларда соҳада мавжуд муаммолар ечимини топишда журналистларнинг фаоллигини ошириш нақадар зарур экани кўрсатиб берилмоқда. Бинобарин, мақсадимиз журналистларнинг суд-ҳуқуқ йўналишини ёритишда билим ва кўникмаларини шакллантириш ҳамда тажрибасини  оширишдан иборатдир,  — дейди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова.

Семинар доирасидаги мавзулар асосида тренерлар Ё.Маматова, Б. Алимов ва ЮСАИД халқаро ташкилоти мутахассиси Р. Назаровалар таҳлилий ва интерактив услубларда маҳорат дарсларини ўтди.

Ҳидоят ЖЎРАЕВА