Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма юз берди

ВОҚЕА оқибатида бир одам ҳалок бўлгани ва камида 25 одам жароҳатлангани айтилмоқда. Томонлар ҳодисада айбни бир-бирларига ағдармоқдалар.

Расмийларнинг билдиришича, 16 сентябр куни Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Бобожон Ғофур тумани чегарасида содир этилган отишма соат 19 да бошланиб, 21:30 да тўхтаган. Отишмада прапоршчик Равшан Мўминов ҳалок бўлган. 1978 йилда Тошкентда туғилган Равшан Мўминовнинг уч нафар фарзанди етим қолди. Қирғизлар Тожикистон чегарачилари гранатамётдан ўт очганини билдирмоқда.

“Сўнгги маълумотларга қараганда, 13 одам жароҳатланди. Улардан етти нафари ҳарбий хизматчилар ва олти нафари маҳаллий аҳоли вакилларидир. Ҳарбийлардан икки нафарининг аҳволи оғир. Яраланганлардан 11 нафари Бош штабнинг ҳарбий-транспорт самолёти билан Бишкекка олиб кетилади ва ўша ердаги касалхоналарга жойлаштирилади”, – деди Қирғизистон Чегара хизмати расмий вакили Гулмира Бўрубаева.

Маълум бўлишича, отишма Қирғизистоннинг Максат ва Тожикистоннинг Овчи Қалъача қишлоқлари туташган баҳсли ҳудудда содир этилган. “Қирғиз томони спорт майдончасига қурилиш учун шағал тўка бошлагани ортидан даҳанакаи жанжал бошланиб кетди. Маҳаллий аҳоли жуда ғазабда эди, бироқ жанжал аста-секин сўна бошлади. Ярим соатлардан сўнг қаердадир ўқ отилди. “Тез ёрдам” машинаси касалхонага 12 тожикистонликни олиб кетди. Қанча одам яралангани ҳозирча аниқ эмас”, – дейилади хабарда.

Тожикистон Чегара хизмати маҳаллий аҳоли ўртасида даҳанаки жанжал бўлган ҳудудга “Қирғизистон томони 250-300 кишидан иборат қўшимча кучларни жалб қилди, шундан сўнг улар провакацион ҳаракатларни амалга оширди ҳамда Баҳор маҳалласининг қуролсиз аҳолисига қараб ўқ узди”, деб билдирди.
Аммо Қирғизистон томони 16 сентябр кечқурун тарқатган баёнотида Тожикистонни айблади. Баёнотда айтилишича, «Тожикистон чегарачилари Максат чегара постига биринчи бўлиб ўқ отган, шундан сўнг улар Сай постига ҳам ўқ отганлар. Бунинг натижасида бир нафар қирғиз чегарачиси ҳалок бўлган».

Айни пайтда икки давлатнинг юқори даражали ҳукумат амалдорлари вазият кескинлашиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида музокаралар ўтказаётгани хабар қилинмоқда.