Бухоро «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилинди

16 сентябр куни Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон-Миср вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг 9-раунди бўлиб ўтди. Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Хани Салим раҳбарлик қилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари батафсил муҳокама қилиниб, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил 4-5 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган олий даражадаги самарали музокаралари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқганлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, маънавий, тарихий ва маданий умумийлик, халқларимиз урф-одатларининг ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам асосидир. Ўзбекистон Мисрни араб дунёси ва Африка қитъасидаги истиқболли шерик сифатида кўради.

Томонлар Бухоронинг 2020 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Мисрнинг иштирок этишига қизиқиш билдирдилар.

Исломий меросни ўрганиш доирасида томонлар Миср илмий муассасалари билан Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацийяси маркази ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини юқори баҳоладилар. Учрашувда томонлар Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институти билан Миср Маданият вазирлиги қошидаги Китоблар уйи ва Архивлар муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар, бу эса икки мамлакат илмий муассасаларида сақланаётган нодир қўлёзмаларни биргаликда ўрганишга имкон беради.