Адлия бўлими тақдимномасига кўра…

Иллюстратив сурат

ХАЛҚИМИЗДА “Меҳнат билан топганинг қанду асал тотганинг”, деган мақол бор. Инсон меҳнат қилар экан, албатта, унинг учун ҳақ олиши, меҳнат таътиллари учун тегишли компенсация тўланишидан умидвор бўлиб яшайди. Шу пулларга режалар тузади, умид қилади. Аммо баъзи ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан ҳали ҳам ходимларнинг ҳалол топган меҳнат ҳақиларини йиллаб кечиктириш ёки умуман бермаслик ҳолатлари учраб турибди.

Туман адлия бўлими томонидан Тўрақўрғон касб-ҳунар коллежи кадрлар бўлими нозири вазифасида ишлаган Н.Воҳидова (мурожаатчининг хоҳишига кўра исм-фамилия ўзгартирилди) нинг меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, иш ҳақининг тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаганлиги ҳамда тўққиз йиллик фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация пуллари ҳисоб-китоб қилинмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида Н.Воҳидова 2007 йилдан Тўрақўрғон касб-ҳунар коллежида ходимлар бўлими бошлиғи лавозимига 1 ставка ишга қабул қилинганлиги, шунингдек, мазкур меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларига асосан 2019 йил 1 июл кунидан бекор қилинганлиги аниқланди. Шунингдек, Н.Воҳидова 2007 йилдан 2019 йил 1 июлга қадар меҳнат таътилида бўлмаганлиги, у билан меҳнат шартномаси тузилган пайтдан, яъни 9 йилдан буён меҳнат шартномаси бекор бўлгунига қадар ҳақиқатан ҳам фойдаланилмай қолган меҳнат таътили учун компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, мазкур касб-ҳунар коллежи директорининг тегишли буйруғига кўра жами 26 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинганлиги, бироқ ходимларга фойдаланилмай қолган меҳнат таътили кунлари учун компенсация маблағлари тўланмаганлиги аниқланган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 148-моддасида таътиллар учун ҳақ тўлаш кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра:
“Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.
Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади”, деб белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 151-моддасида фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, унда:
“Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг ушбу Кодекснинг 134-моддасида белгиланган энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин.

Ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, шунингдек ушбу кодекснинг 137 ва 138-моддаларида назарда тутилган қўшимча таътиллардан асли ҳолида фойдаланилади ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди”, деб белгиланган.
Шунингдек, кодекснинг 275-моддасида ходимнинг пул ундиришга доир талабларини қондириш кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра:
“Иш берувчи ходимнинг пул ундиришга доир талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир.
Иш ҳақини ундириш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир қуйидаги талабларини тўлиқ қондиради:
меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;
меҳнат низоларини кўрувчи органнинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарорини иш берувчи ижро этмаганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;
фойдаланилмаган таътил учун ходимга тегишли бўлган компенсацияни тўлаш тўғрисидаги”, деб кўрсатилган.

Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага кўра касб-ҳунар коллежида ишлаган 26 нафар ходимларнинг фойдаланилмай қолган меҳнат таътили кунлари учун тўланмай қолган 26 миллиондан зиёд компенсация пуллари тўлаб берилди ҳамда юқорида кўрсатиб ўтилган муммо келиб чиқишида қонунбузилишига йўл қўйган ходимларга Меҳнат кодексининг 181-моддаси асосида белгиланган интизомий жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.
Шахзода АБДУЛЛАЕВА,
Тўрақўрғон туман адлия бўлими масъул ходими