Нуротада павловния плантацияси яратилади

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдураззоқ Мирзаев ва Болгариянинг “Paulownia BG” компанияси менежери Жан Дуралов ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда Навоий вилоятида павловния плантациясини яратиш масаласи муҳокама этилди.

Маълумки, павловниянинг тарихий ватани Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё бўлиб, Ж. Дуралов ўн йилдан ортиқ вақтдан буён мўъжизавий дарахтни етиштириш билан шуғулланади. У ўзининг технологиясини ишлаб чиқиб дарахтни Болгария шароитига муваффақиятли мослаштирди. Сўнг 2017 йилда Қирғизистоннинг «Social Tree» компаниясига Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида павловния плантациясини ташкил этишга ёрдам берди.

Бўлим раиси А.Мирзаев сентябр ойининг иккинчи ярмида Қирғизистонга ташриф буюриб, Ж. Дуралов билан учрашди ва унга ЎзР ФА Навоий бўлимининг «Қизилқум илмий-тадқиқот станцияси” давлат унитар корхонаси балансидаги Нурота туманидаги 600 гектарли лалми ерлардан бир қисмида павловния плантациясини яратиш лойиҳасини тақдим этиб, уларни Ўзбекистонга таклиф қилганди.

Лойиҳа тафсилотларини муҳокама қилиш жараёнида томонлар Болгария компанияси томонидан павловния кўчатлари ва Исроилда ишлаб чиқарилаётган томчилатиб суғориш тизимини етказиб бериш тўғрисида келишиб олдилар. Шунингдек, “Paulownia BG” компанияси павловния плантациясини яратиш учун барча зарур маълумотларни тақдим этиши муҳокама қилинди. Ж.Дуралов дарахтларни экишда шахсан қатнашишини, агар керак бўлса унинг ўсиши даврида маслаҳат бериб туришини, беш йил давомида Ўзбекистонга ҳар 15-30 кунда бир марта келиб туриши таъкидлади.

Музокаралар якунида иштирокчилар Нурота туманида Навоий бўлимининг «Қизилқум илмий-тадқиқот станцияси” давлат унитар корхонаси балансидаги ерларни бориб кўришди ва вилоятда биринчи павловния плантацияси учун 50 гектар ер белгилаб олинди.
Келгусида лойиҳанинг биринчи босқичини муваффақиятли амалга ошириш учун “Павловния” марказини тузиш режалаштирилган бўлиб, у ерда павловниядан олинадиган имкониятлар тақдимоти ўтказилади ва манфаатдор фермерлар учун маслаҳатлар берилади. Павловния плантацияси ёнида қурилиш материаллари, чорва моллари учун гранулали озуқа ва мебел ишлаб чиқариш цехлари қурилади. Булар барчаси павловния кластерини ташкил етиш учун асос бўлади, дейилади Фанлар академияси тарқатган хабарда.