Қирғизистоннинг собиқ президенти Атамбоев нимада айбланмоқда?

Фото24.kg

МАМЛАКАТ собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга Жиноят кодексининг 14 банди бўйича айблов эълон қилинган. Бу айблар вазифасини суиистеъмол қилиш, ноқонуний бойлик орттириш, қотиллик, гаровга олиш ва оммавий тартибсизликни ташкиллаштириш кабилардан иборат.

Собиқ давлат раҳбари ва унинг қариндошларига тегишли деярли барча мулклар тортиб олинган. Атамбоев эгалик қилган «Апрел» мухолиф телеканали ва у томонидан қурилган масжид ҳам қўлдан кетди. Собиқ президентнинг тарафдорлари бўлаётган барча ишларнинг адолатга дахли йўқлиги, балки Атамбоевни сиёсатда иштироки учун ресурслардан маҳрум қилишга уриниш бўлиб хизмат қилади, дея ҳисоблашади. Прокуратура эса гап жиддий жиноятлар ҳақида бораркан, барча чекловлар муҳимлигини билдирмоқда, дейилади ОАВ хабарида.

Бош прокуратура аниқлаган маълумотларга кўра, Қўй-Тошдаги Атамбоевнинг уйини штурм қилишга уриниш ва ушбу операция билан боғлиқ тартибсизликлар натижасида 175 киши жабрланган. Бир махсус хизматчи ўлган. Тиббий ёрдамга мурожаат қилганларнинг катта қисми – ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ходимлари.
Собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, даъволар асоссиз. Бироқ Атамбоев ҳимоячиларининг Ички ишлар вазирлигининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ барча шикоятлари рад этилди. Собиқ президент камида 26 октябргача қамоқда бўлади.
Собиқ президентнинг ОАВларда тарқалган турли хил мулклари рўйхати – бешта ишлатилган автомобил (уларнинг энг янгиси 18 йиллик) дан тортиб то кўпсонли кўчмас мулклар ва банк ҳисоб рақамларигача – кўплаб гап-сўзлару танқидларга сабаб бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизмати масжид ишлашда давом этаётгани, фақатгина тергов уни Алмазбек Атамбаев қайси пулига қурганлигини аниқлаётганини маълум қилган. Беш минг кишилик масжид қуриш қарори 2015 йилда, Атамбаев мамлакат президенти эканлигида қабул қилинган. Бундан 20 йилча олдин президент жамоаларидан бири томонидан ажратилган майдонга ўшанда рамзий капсула қўйилган эди. Ўша йилнинг апрелидаги очилиш маросимида масжидни қуришда унга «дўстлари ёрдам бергани»ни айтди. Қурилиш қанчага тушгани номаълум.
А.Атамбаев оиласига алоқадор компаниялар ҳам олиб қўйлган. 1996 йилда «Киргизавтомаш» заводи ходимларига сотган, Атамбаев 2007 йилгача эгалик қилган бир неча хонадонларни хатлаган. Кейинчалик 20 та мулкнинг хатланиши бекор қилинган.

Аммо энг кўп муҳокама этилган мавзу «Апрел» мухолиф телеканалининг ўчирилиши ва мулкларининг олиб қўйилиши бўлди. Бу лавҳа нафақат сиёсий кураш ҳақида, балки сўз эркинлигига ҳужум ҳақида ҳам гапиришга сабаб бўлди. Қирғизистонда рақамли эшиттиришларни тақдим этувчи «Рақамли технология» компанияси 7 август куни Атамбаевнинг қароргоҳига ҳужум пайтида «Апрел» ва яна 9 та каналнинг эфирга узатилишини тўхтатди. Ўшанда оператор техник носозлик билан боғлаганди, тўққизтадан саккиз канал эфирлари собиқ президент ҳибсга олинганидан 2 кун кейин тикланди. Фақат «Апрел» эфирга қайтмади.

«Апрел» директори Дмитрий Ложников идорани муҳрлашга махсус хизмат келганини эслайди. Ложниковнинг сўзларига кўра, аввалига журналистларга шахсий нарсаларини йиғиш учун 40 дақиқа вақт беришган, кейин беш дақиқада фикрларидан қайтишган ва зудлик билан бинони тарк этишни талаб қилишган. «Бу ердан чиқинг, ёки биз сизни олиб чиқамиз», – махсус хизмат ходимларидан бирининг сўзларини эслайди канал директори.

Кўп йиллар давомида Қирғизистон ўзини Марказий Осиёдаги энг демократик мамлакат сифатида кўрсатиб келмоқда. Авторитар қўшнилар фонида республика сўз ва сайлов эркинлиги бўйича халқаро рейтингларда ҳақиқатдан ҳам устунликка эга эди. Масалан, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти рейтингига кўра, Қирғизистон 15 поғона кўтарилиб, 83-ўринни эгаллаган. Таққослаш учун, Россия ушбу рўйхатда 149-қатордан жой олган.

Маълумки, Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилгача давлатни бошқарди. У – ўзининг вориси сифатида Сооранбай Жээнбековни қўллаб-қувватлаб, ихтиёрий равишда ўз тахтини тарк этган биринчи қирғиз президенти. Бироқ тез орада Жээнбеков собиқ раҳбари томонидан тайинланган мансабдор шахсларни ишдан бўшатишни бошлади. Бундан ташқари, ҳисбга олишлар бошланди: коррупция ва ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, икки собиқ бош вазир ва собиқ бош прокурор ҳибсга олинди.
2019 йил июнида Қирғизистон парламенти собиқ президентни «ҳукуматда бўлган даври мобайнида мансабни суиистеъмол қилганлик факти» учун дахлсизликдан маҳрум қилди.

Атамбаев Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш пайтида коррупция ва ноқонуний бойиш ҳолатларини текшириш учун ва жиноий авторитет Азиз Батукаевни муддатидан олдин қамоқдан озод қилиниши бўйича гувоҳ тариқасида сўроққа чақирилди. Батукаев 2013 йилда оғир касал деб эълон қилиниб озод этилган эди, шундан сўнг у дарҳол Россияга учиб кетди ва у ерда бир неча бор қатор жиноий воқеалар хабарларига тушди.
Атамбаев ҳибсга олинишидан қўрқиб, икки марта сўроқ беришдан бош тортди. Охир-оқибатда, у икки кунлик қуролли тўқнашувдан сўнг Қўй-Тош қишлоғидаги ўз қароргоҳида қўлга олинган эди.