WP: Трампнинг куракда турмас қилиқлари

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида кўп ялтоқланган ва сермулозамат бўлган. Бундан ташқари, Америка етакчиси бошқа давлат раҳбарлари билан суҳбатларда ҳам иттифоқчилари билан баҳслашиб қолган, мулоқотда учрашув мавзусидан чиқиб кетган ёки бажариб бўлмайдиган масалаларда ваъда бериб қўл остидагиларни “чўчитиб” юборган. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси ёзди.

АҚШ президенти 2017 йил 28 январда Владимир Путин билан бўлган суҳбатда илк марта администрацияси ходимларининг асабийлашувига сабаб бўлган эди. Ушбу мулоқотда Доналд Трамп суҳбатдошига алоҳида мулозамат кўрсатиб, ялтоқланган. Шунингдек, расмий суҳбатларга хос бўлмаган ҳолда турли мавзуларга “ўтлаб” кетган. Россия раҳбари билан бўлган бошқа бир мулоқотда Трамп Путинни буюк етакчи деб ҳисоблашини айтиб, илгарироқ қўнғироқ қилмагани учун узр сўраган. Жумладан, у Путинга: «Худойим-ей, ходимларим, сиз мен билан гаплашмоқчи эканингизни менга айтмаган экан!», — деган.

Газетада ёзилишича, Трамп Путиндан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан қандай қилиб “дўстлашиш” мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраган. Оқ уйдагилар Трампни «авторитар лидерлар»: ХХР раиси Си Цзин Пин ва Россия етакчиси Путин билан бўлган суҳбатларда ўзини доим юмшоқ тутишидан ҳайрон бўлишади. «Биз Россия билан у бу қадар мулойим гаплашаётгани сабабини тушунмаяпмиз», — деган газета суҳбатдоши.

“The Washington Post” манбаси шунингдек, суҳбатлардан бирида АҚШ президенти Саудия Арабистонига «Катта еттилик» (G7)ка кириш борасида ёрдам кўрсатишга ваъда берган бўлса, Филиппин президенти Родриго Дутертени гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги “мислсиз” ютуқлари учун мақтаган. Ваҳоланки, бу кампания доирасида мамлакатда минглаб гумонланувчилар судсиз отиб ташланган.

АҚШ президенти юмшоқ гаплашиши керак бўлганлар билан эса, аксинча муносабатда бўлган. Хусусан, унинг НАТО мамлакатлари ва кучли раҳбар аёллар билан бўлган мулоқотлари оғир кечган. Бунга мисол сифатида Буюк Британия собиқ Бош вазири Тереза Мэй билан унинг 10 дақиқа давомида Скрипалларнинг заҳарланишида Россиянинг қўли бор-йўқлиги ҳақида баҳслашганини келтириб ўтиш мумкин. Айрим суҳбатларда эса у майдалашиб кетган. Масалан, Хитой раҳбари Си Цзин Пин билан бўлган суҳбат давомида шоколадли пирогни ёқтирмаслигини бир неча марта такрорлаган.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо ва Франция президенти Эмманюэл Макронга эса баъзида ҳеч бир огоҳлантиришсиз, худди дўстлардек дабдурустдан қўнғироқ қилган, аслида эса бундай суҳбатлар томонларнинг олдиндан келишуви асосида амалга оширилади.

Аввал собиқ Давлат котиби Хиллари Клинтон Трампни мамлакатга хиёнат қилганликда айблаган эди. «Қўшма Штатлар президенти мамлакатимизни сотди. Бу сиёсий баёнот эмас — бу шафқатсиз ҳақиқат ва биз лозим тарзда ҳаракат қилишимиз керак. У бизни кучли ва эркин қиладиган қадриятларимизга хавф туғдиради», — деган эди Клинтон хоним.