“Сен мени ҳам, оиламни ҳам йўқ қила олмайсан!”

Жо Байден ва Доналд Трамп. Фото: AP

2020 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ғалаба қозонишни мўлжаллаётган АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден мамлакатнинг ҳозирги раҳбари Доналд Трампни «мутлақо яроқсиз» деб атади.

Байденнинг айтишича, амалдаги Америка президенти ўз манфаати йўлида хизмат ваколатларини суистеъмол қилмоқда. Бу ҳақда у 6 октябрда “TheWashingtonPost” газетасида чоп этилган «Жо Байден: Трамп менга ҳам, оиламга ҳам зарар етказолмайди» сарлавҳали мақоласида ёзган.

«Ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Афтидан, – ҳар кун, ҳар соатда Трамп президент ҳокимияти ваколатларини суистеъмол қилаётгани ва президентликка мутлақо нолойиқлиги ҳақида далиллар пайдо бўлмоқда. У олий давлат мансабидан миллий манфаатлар (АҚШ) ўрнига ўзининг сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланаяпти», — деб ёзган Байден.
Унинг таъкидлашича, кимки Қўшма Штатлар президенти лавозимини эгалласа, ҳис этиши мумкин бўлган масъулиятни Трамп англаб етмайди.

«У фақат биргина ҳокимиятни, фақат бир кишига: Доналд Трампга фойда келтирадиган ҳокимиятни кўради. Президент Трамп, афтидан, ҳеч нарса ҳақида ҳақиқатни гапира олмайди. У кимдан хавф туғилса, ўшани иғво қилишни бошлайди. Мана унинг очиқчасига ёлғон айтишларининг сабаби… ва у мен ҳамда оиламга ҳам туҳмат ёғдираяпти», – дейилади мақолада.
«Сен мени ҳам, оиламни ҳам йўқ қила олмайсан. 2020 йилнинг ноябрида мен сени худди барабандек чалиб ташлашга ҳаракат қиламан», — деган Жо Байден АҚШ президентига қарата.