Россияда миллиардерлар янада бойиб, оддий одамлар қашшоқлашмоқда. Нега?

Фото: Learn More

БУГУНГИ кунда Россия фуқароларидан 98 нафари миллиардер сифатида расман эътироф этилади (“Forbes” таснифи бўйича улар 106 нафарни ташкил этади). Уларнинг умумий бойлиги 1,2 триллион долларга тенг ёки мамлакат ЯИМнинг 73% ни ташкил этади. “KnightFrank”нинг йиллик ҳисоботига кўра, 2023 йилда Россияда миллиардерлар сони янада кўпаяди.

Россиялик аксарият миллиардерларнинг номи жамоатчиликка ҳам, жаҳонга ҳам номаълум. Рус миллиардерлари деганда кўпчилик “Forbes” журналидаги миллиардерлар рўйхатининг биринчи юзлигидан жой олган 13 нафар россияликни тушунади. Қолган миллиардерларнинг исм-шарифлари «соя»да қолиб кетмоқда.
Шу ўринда бир парадокс — мамлакатда инвестиция муҳити тобора ёмонлашиб бормоқда, бизнес-рейтинглардаги мавқе пастга шўнғияпти, бойлар сони эса кўпайиб бораяпти. Бунинг сабаби нимада?

“CreditSuisse” бош иқтисодчиси Сергей Волобоевнинг тушунтиришича, ушбу вазиятни россиялик миллионер ва миллиардерлар қўлидаги асосий активлар нархининг ўсиб бориши билан изоҳлаш мумкин. Акция ва маҳсулотлар инфляциядан яхши ҳимояланган — нарх ўсиши уларнинг баҳоси кўтарилишига хизмат қилаяпти. Ана шунинг ҳисобига уларнинг кўпчилиги ортиқча заҳмат чекмасдан, қўшимча сармоялар киритмасдан бойликларини кўпайтириб олмоқдалар.
Мутахассиснинг таъкидлашича, мавжуд ҳолатнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Мисол сифатида постсовет Россиясида иқтисодий ривожланиш модели давлат мулкини кам сонли “танланган” инвесторларга жадал равишда топшириш билан бошланганини келтириш мумкин. Орадан қарийб ўн йилликлардан учтаси ўтган бўлсада, бу борадаги вазият ўша ҳолича қолмоқда – 90-йилларда хусусий қўллар томонидан расмийлаштириб олинган йирик капитал уларнинг ўзида ёки меросхўрларида турибди.
Қайд этиш керакки, шундай йўлни босиб ўтган Хитой Россиядан фарқли равишда, йирик-йирик давлат мулкини маълум гуруҳ ёки шахсларга қўш-қўллаб топширгани йўқ. Шу боисдан, хитойлик миллиардерлар бойликларини тийинлаб топишдан бошлаганлар.

Россиядаги айрим молиячилар солиққа тортиш тизими адолатли эмаслигини таъкидлайдилар. Уларнинг фикрича, юз рубл топаётган ҳам, бир миллиард топаётган ҳам бир хилда – 13 фоиз миқдорида даромад солиғи тўлаши инсофдан эмас. Компаниянинг миллиардер президенти ва унинг фарроши бир хил ставкада даромад солиғи тўлаши ақлга тўғри келмайди. Мисол учун, Францияда ўртача даромад топадиган компания ходими 30 фоиз миқдорида солиқ тўласа, йилига 100 млн евро ишлаб оладиган унинг президенти 70 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Бундан ташқари, солиқ солишда фаолият тури, оилавий аҳволи ва бошқа кўплаб омиллар ҳисобга олинади.

Бир қарашда, бу яхшидек. Миллиардерлар кўп, демак, мамлакат бой, ҳаёт фаровон. Бироқ, аслида бундай эмас. Афсуски, Россияда бойлар кўпайгани сари давлат ва халқ қашшоқлашиб бормоқда. Шунақа бўлиши ҳам мумкинми? Ҳа, мумкин экан, буни расмий статистика тасдиқлаб турибди. Хусусан, Марказий банк маълумотига кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида 25,1 млрд доллар мамлакатдан чиқиб кетган. Бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўп деганидир. Ушбу маблағнинг 40% хорижий давлатлардан кўчмас мулклар сотиб олишга сарфланган. Содда қилиб айтганда, бойлар бойияпти, оддий аҳоли эса камбағал бўлиб бормоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, 2018 йилда россиялик бойларнинг маблағи 27% кўпайгани ҳолда, оддий одамларнинг даромади, аксинча, 0,8% камайган.

Юқоридаги ҳолатларни давлат билади, лекин ҳал этишни истамайди. Катта эҳтимол билан айтганда узоқ йиллар вазият шу ҳолича қолади. Ҳукумат эса алоҳида бой фуқароларнинг янада бойиши учун қўллаб юбормоқда. Бунга мисол сифатида, айрим гуруҳ ёки шахсларга дотация тақдим этилиши, “ёғли” давлат тендерлари ҳамда харидларининг берилишини мисол сифатида келтириш мумкин.