Абдулазиз Камилов Озарбайжон медали билан тақдирланди

ОЗАРБАЙЖОН Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашди ва унга “Озарбайжон Республикаси дипломатик хизматлари органларининг 100 йиллиги” (1919-2019) юбилей медалини топширди.

Элчи Гусейн Гулиев Ўзбекистон сиёсий раҳбариятига Озарбайжон билан дўстона ва қардошлик муносабатларини намоён этгани, арман-озарбайжон, Тоғли Қорабоғ можаросини халқаро ҳуқуқ ва тарихий адолат асосида ечиш борасидаги Озарбайжон позициясини барча ареналарда бир хилда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилигини изҳор этди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, яқин кунларда томонлар ўртасида олий даражадаги давлат ташрифлари ташкиллаштирилади.

Абдулазиз Камиловнинг қайд этишича, Озарбайжон томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли инфратузилмавий лойиҳалар туфайли 2017 йилда фойдаланишга топширилган Боку-Тблиси-Карс темир йўли лойиҳаси қулай минтақавий транзит марказига, Европа ва Осиёни боғловчи, қисқа, хавфсиз ва иқтисодий самарадор бўғинга айланди. Бу катта улуш Евроосиё маконида йўловчи ва транспорт қатновларининг кучайишига хизмат қилади.

Вазирнинг таъкидлашича, Боку-Тбилиси-Карс темир йўли лойиҳаси тақдим этган транзит имкониятларидан фойдаланилиши икки мамлакат ўртасидаги, жумладан, Осиё мамлакатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиради. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига кўра, яқин кунларда бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниевнинг Грузияга ташрифи кутилмоқда. Ташрифнинг асосий мақсадларидан бири Боку-Тбилиси-Карс темир йўли лойиҳасини ва Грузиянинг транзит имкониятларидан фойдаланишни ўрганиш ҳисобланади.
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ