Биринчи “озарбайжонча-ўзбекча ва ўзбекча-озарбайжонча” луғат тақдимоти ўтказилди

АЛИШЕР Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси асосида чоп этилган “озарбайжонча-ўзбекча ва ўзбекча-озарбайжонча” луғат тақдимоти ўтказилди.

Университетнинг марказий фойесида тақдим этилган луғатнинг махсус кўргазмаси намойиш этилди. Университет проректори, профессор Абдулхай Садировнинг айтишича, халқларимиз тили келиб чиқиш илдизи бир бўлсада, турли даврларда тилларимизга янги сўзлар кириб келган, натижада фарқлар юзага келган. Айнан мавжуд қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида луғат тузилган.

Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасовнинг таъкидлашича, марказда озар ва ўзбек тиллари кенг тарғиб қилинади ва шу мақсадда Озарбайжон Маданият маркази қошида таржима мактаби шакллантирилган. Дипломатнинг яна қўшимча қилишича, 2014 йилда озарбайжон ва ўзбек тилларида сўзлашгич, 2019 йилда эса луғат тузилган.

Ўзаро 23 мингдан зиёд сўзлар, иборалар ўрин олган луғатни туркий олам мамлакатлари орасидаги тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.