Интерпол – халқаро полиция

Фото: journalofdemocracy.org

ХАЛҚАРО полиция – Интерпол ҳақида деярли барча билади. Бироқ унинг фаолияти ҳақида ҳамма ҳам тўғри тасаввурга эга эмас. Интерпол деганда, одатда кўпчиликнинг хаёлида ўта устамон, оловда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, қурол-яроғ, наркотик моддалар баронлари, жиноят олами қиролларига қарши кураш олиб борувчи махсус хизмат агентлари гавдаланади. Аслида ундай эмас. Интерпол хавфли жиноятчиларга қарши курашда одил судловни таъминлашга хизмат қиладиган халқаро ташкилотдир.

Аввало айтиш керак, Интерпол жиноятларни тергов қилиш, қидирув фаолияти билан шуғулланмайди, махсус агентларга ҳам эга эмас. Интерпол — трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш борасида халқаро ҳамкорликни таъминлайдиган механизм, холос. Ташкилот ҳуқуқ-тартибот органларига ҳамкорликда фаолият кўрсатиш учун техник-услубий ёрдам кўрсатади. Ҳимояланган коммуникация тармоғи, маълумотлар базаси, халқаро маълумотлар алмашиш, шулар жумласидандир.

Ташкилот ходимлари жуда катта ҳажмдаги маълумотлар базаси билан ишлайди ва 192 аъзо давлат ҳуқуқ-тартибот органларининг сўровига кўра тегишли маълумотларни тақдим этади. Аъзо мамлакатларда миллий марказий бюролар ташкил этилган бўлиб, ахборотлар у томонидан юборилади. Интерпол олинган маълумотларни таҳлил этади ва тегишли тоифага жойлаштиради (ранглар билан ажратилади):
«сариқ» — бедарак йўқолганлар;
«кўк» — тураржойини аниқлаш зарур бўлган қидирувдаги айбланувчи ёки маҳбуслар;
«яшил» — у ёки бу давлат ҳуқуқ-тартибот оарганларининг фикрича, жиддий хавф туғдирадиган одамлар (рецидивистлар, жиноий гуруҳларнинг фаол аъзолари, тажрибали фирибгарлар ва бошқа жиноятчилар);
«қизил» — сўраган давлатга экстрадация қилиш учун қамоққа олиш мақсадида қидирилаётган шахслар.
«Қизил» белги шуни англатадики, Интерпол ходимлари ҳамкасблари билан фаолиятларини мувофиқлаштириб, мумкин қадар жиноятчини тушлаш ва қидираётган мамлакатга топшириш чораларини кўради.

Ўрни келганда айтиш керакки, Интерпол нафақат ҳақиқий жиноятчиларни, балки давлати учун исталмаган шахсга айланган одамларни жазолаш механизмига айланганига анча бўлган. Мисол учун, Германияни Адолф Гитлер бошқарган даврда хизматга унинг ёрдамчиси раҳбарлик қилиб, фашистлар тизимини ёқламаган одамларни қидириш билан шуғулланган.
Бу манзара бугунги кунда ҳам ўзгаргани йўқ. Тўғри сўз журналист ёки бизнесини топширишни истамаган тадбиркорни ватанига қайтариб жазолаш керак бўлса, бундай ҳолларда Интерполнинг ёрдамига таянилади. Шантаж, порахўрликлар, ноқонуний таъқиблар – булар Интерпол ёрдамида амалга ошириш мумкин бўлган беминнат амалларнинг кичик бир қисмидир.

Экспертларнинг фикрича, Интерпол ходимлари баъзида аъзо мамлакатлардан тушган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириб ўтирмайдилар. Бундан фарқли равишда айрим давлатларда, мисол учун АҚШда ушлаш ва топшириш ҳақидаги талаблар синчковлик билан ўрганилади, сўралган шахс ҳақиқатда жиноят содир этган-этмаганлигига аниқлик киритилади.
Шуни ҳам билиб қўйиш керакки, Интерпол ҳузурида мустақил ташкилот Интерпол архивлари бўйича комиссия ҳам фаолият кўрсатади. Унинг ёрдами билан ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни халқаро полиция маълумотлар базасидан ўчириб ташлаш мумкин.